BBC navigation

Ўзбекистонда ҳибсга олинган қозоқ туристи терроризмда айбланиши мумкин

Сўнгги янгиланиш 12 апрел 2012 - 12:23 GMT

Қосмагамбетов ноутбукида исломий роликлар бўлгани айтилади

Ўзбекистонда ўзбек-қозоқ чегарасида диний адабиётлар тарқатишда айбланиб ҳибсга олинган қозоғистонлик сайёҳ билан адвокат учрашган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз фуқаросининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун барча имкониятларни ишга солишини маълум қилди.

Наврўз байрами арафасида Ўзбекистондаги тарихий жойларни ўз рафиқаси билан зиёрат қилишга борганини айтган қозоғистонлик Ермек Қосмагамбетов чегарадаги текширув вақтида ноутбукидан диний роликлар чиққани учун ҳибсга олинганди.

Ҳибсга олинганига қарийб бир ой бўлган жаноб Қосмагамбетов учун адвокат Қозоғистон ҳукуматининг кўмаги билан ёлланган.

Аввалроқ Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчихонаси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига нота юбориб фуқаросининг ҳибсга олинишига ойдинлик киритиб беришни сўраган.

"Ушбу иш давом этмоқда. Қозоғистон фуқароларининг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга Ташқи ишлар вазирлиги анъанавий равишда кўп эътибор ажратишини ҳар доим таъкидлаб келганмиз", - дейди Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Алтай Абибуллаев.

Исломий роликлар

Маълумотларга кўра, 16 март куни Тошкент яқинидаги "Май" чегара ўтиш нуқтасида чегарачилар Қосмагамбетов ноутбукини текшириш вақтида Ислом динига оид олтита ролик борлигини аниқлашган.

Чегарачилар уларни эр-хотинни диний адабиётларни тарқатишда гумон қилиб Қибрай туманидаги ички ишлар бошқармасига олиб кетишади.

У ерда жуфтликнинг мобил телефонларини олиб қўйилади ва улар уч кун камерада сақланади. Кейинчалик Ақмарал Шакирова қўйиб юборилади ва унга ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари ҳаммаси яхши бўлишини айтиб, "тўполон қилмасдан" Қозоғистонга қайтиб кетишини ва ана шунда эри тез орада қўйиб юборилишини ваъда қилиб йўлга чиқаришади.

"Туман ички ишлар бошқармасида бизни уч сутка ушлаб туришди. У ерда ҳибсга олинганлар учун кичиккина хона бор эди. Хонада ўғрилик, босқинчилик учун ушланган 7-8 одам бор эди. Аёл киши бўлганим учун менга стулда ўтиришимга рухсат беришди, Ермекни эса ёнимга ўтирғизишди. Ушбу уч суткани ўтириб ўтказдик", - дейди Ақмарал Шакирова.

30 март куни Тошкент вилоят маҳкамасида бўлиб ўтган ёпиқ жараёнда Ермек Қосмагамбетовни "диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализмни тарғиб қилувчи материаллар контрабандаси" банди бўйича ҳибсга олиш қарори олинган.

Шакирова хонимнинг айтишича, чегарачилар томонидан текширилган ноутбукни улар сафар олдидан сотиб олишган ва компьютердаги исломий роликларга ҳеч ким аҳамият бермаган.

Унга кўра, компьютерни сотиб олиб берган яқинларининг билдиришича, ушбу видео роликлар исломни танитувчи роликлар бўлган, холос.

Ҳозир Ермек Қосмагамбетовнинг яқинлари унинг терроризмда айбланишидан хавотир билдиришмоқда. Агар у терроризмда айбдор деб топилса, 10 йилдан то бир умрлик қамоқ жазосигача ҳукм қилиниши мумкин.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.