Россияга шахсий юк орасида қуруқ мева олиб кириш тақиқланди

Image caption Россия расмийларига кўра, сўнгги 1 йил мобайнида Ўзбекистондан 130 ичида зараркунандаси бор юк аниқланган.

16 апрелдан Россия мамлакатга Озарбайжон, Тожикистон ва Ўзбекистондан келаётган йўловчиларнинг ўзлари билан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини олиб киришларига тақиқ жорий этган.

Бундай тақиқ киритилиши ҳақида Россиянинг "Россельхознадзор" идораси бундан олдин огоҳлантирган эди.

Сабаби, бу уч мамлакатдан Россияга олиб кирилаётган қуруқ мевалар орасида турли қурт ва ҳашаротлар топилган.

Россия мутахссисларига кўра, бу ҳашаротлар қишлоқ хўжалик экинлари учун жуда хавфли бўлиши мумкин.

"Россельхознадзор" идораси вакилларига кўра, зараркунандалар сотиш учун Россияга олиб борилган маҳсулотларда ҳам, одамлар ўзларининг шахсий юклари орасида келтирган қишлоқ хўжалик маҳсулотларида топилган.

"Россельхознадзор" маълумотларига кўра, 2011 йил бошидан 2012 йил март ойигача "Россия ҳудудида карантин объекти" ҳисобланадиган Озарбайжондан 9, Тожикистондан 228 та, Ўзбекистондан 130 марта зараркунанда аниқланган.

Энди Россия ҳудудига учоқда, поезд ёки бошқа транспорт воситасида кирмоқчи бўлган йўловчиларнинг шахсий юклари орасидаги егуликлар ҳам текширилади, аксар ўзбекистонликлар ўзлари билан оладиган ёнғоқ, писта-бодомларнинг фитотекширувдан ўтказилганини тасдиқлайдиган ҳужжат талаб қилади.

"Россельхознадзор" Озарбайжон, Тожикистон ва Ўзбекистондаги деҳқончилик ва боғдорчилик маҳсулотлари сифатини назорат қилувчи идораларни ўзларининг қарори борасида огоҳлантирганини маълум қилган.

Озарбайжон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Фитосанитария назорати масъулларига кўра, юзага келган вазиятни Россия расмийлари билан муҳокама этиш мақсадида музокара ўтказиш ниятидалар.

Бу мавзуда батафсилроқ