'Жанаўзен маҳкамаси тўхтатилсин'

Image caption Жанўзен воқеалари ортидан Қозоғистон ҳукумати ўта кескин йўл тутмоқда

Жанаўзен ҳодисалари юзасидан айбланганлар қийноққа тутилгани ҳақида янги даъволар ўртага чиқаркан, жамоатчилик вакиллари жараённи тўхтатишни талаб қилишмоқда.

Ақтау шаҳрида бўлиб ўтаётган маҳкамани яқиндан кузатган жамоатчилик вакилларига мувофиқ, айбланувчиларга нисбатан куч ишлатиш ҳолатлари янграган. Шу боис тергов ишларини қайтадан бошлаш керак.

"Терговчилар судланувчи Абдрахмановни қишнинг қоқ ўртасида қип-яланғоч қилиб ечинтириб, тошнинг устига чиқариб, устидан муздай сув қуйишган. Ҳар 15-20 дақиқада келиб калтаклашган. Гавдали ҳуқуқ тартибот ходимлари унинг устига чиқиб сакраган. Натижада унинг оғзидан қон кела бошлаган. Ҳозир унда сил касаллиги аниқланди", - дейди guljan.org веб портали муҳаррири Гулжан Ергалиева.

Бундан ташқари, айбларга иқрор қилиш ниятида тергов пайти уларни курси билан калтаклашган, қовурғаларини уриб синдиришган, бошларига елим халта кийдиришган ва оила аъзоларига зарар етказамиз, деб таҳдид қилганлар.

Айбланувчилар босимларга чидай олмай, турли кўрсатмаларга имзо чекишганини ва энди маҳкама жараёнитда арз-додларига қулоқ солишади, деган умидда эканликларини билдирганлар.

Аммо жамоатчилик вакилларига кўра, маҳкама раиси ушбу даъволарга эътибор бермаяпти ва уларга нисбатан қийноқ ҳоллари бошқа маҳкамада кўриб чиқилишини таъкидлаб, айбланувчиларнинг оғзини ёпишга ҳаракат қилмоқда.

Шунингдек, Жанаўзен ҳодисалари юзасидан тузилган мустақил комиссия томонидан берилаётган тавсияларга ҳукумат бефарқ бўлаётгани ҳам урғуланади. Шу пайтгача жамоатчилик томонидан берилган бирорта ҳам таклифга ҳукумат муносабат билдирмаган.

"Ким айбдор эканлигини ҳамма билади. Назарбоевнинг исмини айтиш керак ва унинг импичментини, кетишини талаб қилиш зарур. Унга ишонч қолмади ва одамлар Назарбоевдан чарчади. Ҳақиқатни талаб қиладиган минбар қолмади" - дейди таниқли фаол, режиссёр Бўлат Атабаев.

Айбланувчилар қийноққа тутилгани борасида расмийлар шу вақтгача бирор изоҳ беришгани йўқ.

Ҳозир Ақтау шаҳрида ўтган йили 16 декабр куни Жанаўзен шаҳрида бўлиб ўтган оммавий тартибсизликларни уюштириш ва уларда иштирок этиш айблари билан 37 киши устидан маҳкама давом этмоқда.

Маҳкама очиқ кечиши айтилган бўлса-да, журналистлар жараённи тасвирга олиш ва ё овозларни ёзиб олишлари тақиқланмоқда.