Қозоғистонда тозаликка риоя қилмаганларга қарши кампания кучайди

Остона
Image caption Остонада икки кун ичида 2 мингдан зиёд тартиббузарлик ҳақида баённома тўлдирилган

Остона шаҳрида майда тартиббузарлар билан курашиш авжига чиқди.

Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари кўчага ахлат ташлагани учун уч кишини бир кеча кундузга қамаб қўйган.

Ўтган дам олиш кунларида полиция икки мингдан ортиқ тартиббузарлик ҳақида баённома тўлдирди.

Майда тартиббузарларга қарши фаол курашишга мамлакат президентининг шахсан ўзи чорлаганди.

Назарбоев кўчада сақич чайнаб ташлаганларнинг бармоқ изларини олиб 3 суткага қамаш таклифини ўртага ташлади.

Президент Назарбоевнинг Остона шаҳридаги чиқишидан сўнг пойтахтлик ҳуқуқ тартибот органи ходимлари дам олиш кунлари бўлишига қарамай анча фаол ишлади.

Полиция қўлига камера олиб, аввало, кўчада писта чақаётган ва тамаки чекиб қолдиғини ташлаётган тартиббузарларни тасвирга туширди.

Сўнгра дарҳол баённома тузилиб, тезкор сўроқ ўтказилди ва жазо тури эълон қилинди.

Шу кунгача аллақачон 3 кишини бир суткадан маъмурий қамоқ жазоси ҳукм ҳам қилишди.

Номлари айтилмаётган бу уч шахс жамоат жойга ахлат ташлаган.

Полиция писта, тамаки қолдиқлари ва сақични кўчага ташлаган тартиббузарларни оммавий равишда қамамаётганини урғуламоқда.

Нозирлар томонидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, қулоқ солмаганларгина қамоқ билан жазоланмоқда.

"Биз қамалганлар билан суҳбатлашдик, ҳаттоки бир кун уйда бўлмаслик одам учун ноқулайлик пайдо қилади ва тўғри хулоса чиқаришга туртки беради. Бизда эса майда тартиббузарлик бўйича санкциялар, биринчи модда бўйича 10 кунгача ҳибсни, иккинчи модда бўйича эса 10 кундан 15 кунгача қамоқни назарда тутади", - дейди Остона шаҳар Ички ишлар департаментининг жамоат хавфсизлиги бошқармаси раҳбари Батирлан Есенбай.

Полиция шу кунгача ҳам майда тартиббузарлар билан курашиб келганини айтмоқда, аммо ўтган ҳафта Остона шаҳрини замонавийлаштиришга бағишланган йиғилишда мамлакат президентининг бу борадаги айтганлари полиция ишини янада фаоллашувига туртки берди.

"Шаҳарда бирорта ҳам майда жиноётни кўздан қочирмаслик керак. Ҳамма жойга сақич чайнаб ташлашган. Бундайларни ушлаб қайд этиш, бармоқ изларини олиш ва баённома тузиб огоҳлантириш лозим. Маъмурий жазо қўллаш ва уч суткага қамаш керак. Кўчадаги барча майда тартиббузарларни ушлаш лозим ва уларнинг ҳаммаси жазога тортилишини билиши зарур. Ана шунда тартиб бўлади ва йирик жиноятлар бўлмайди", - деган эди президент Нурсултон Назарбоев.

Назарбоевнинг топшириғидан сўнг пойтахт полицияси дам олиш кунлари икки мингдан ортиқ баённома тузишга улгурди.

Президентнинг ушбу таклифи интернет фойдаланувчилари илиқ қарши олган. Изоҳ қолдирувчиларнинг кўпчилиги ушбу ташаббусни қўллаб қувватлаган.

Аммо уларнинг ичида мамлакатда жиддий муаммолар турганда президентнинг бу каби масалалар билан машғул бўлиши нотўғри дегувчилар ҳам бор.

Қозоғистонлик мустақил журналист Сергей Дуванов президент Назарбоев ислоҳатларни майда тартиббузарларга қарши курашишдан эмас, балки юқоридан бошлагани дуруст эканини айтади.

"Мамлакатда коррупция авж олган, жиноят урчиган, отилган одамлар маҳкамага тортилиб, ўқ узганлар эса қонундан четда қолмоқда. Мухолифат таъқибга олинган, соғлиқни сақлаш, таълим тизимлари бузилиб кетган вақтда бундай ташаббус ўринсиз. Президент ва унинг атрофидагилар умуман бошқа томондан бошлашмоқда. Сигарет қолдиқлари ва сақичлар ушбу ислоҳатларнинг энг охирида туриши керак", - дейди Сергей Дуванов.