'Қирғизистондаги сиёсий кучлар этник масаладан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишлари мумкин '

Қароргоҳи Брюсселда жойлашган Алишер Навоий тадқиқот маркази чиқарган янги ҳисоботда Қирғизистондаги танг вазият манзарасида сиёсий кучлар яна этник масаладан фойдаланиб қолишлари мумкинлиги ҳақида огоҳ янгради.

Ҳисоботда айтилишича, охирги вақтларда мамлакат жанубида қатор норозилик чиқишларини уюштириб келган мухолиф ҳаракатлар, шунингдек, қудратдаги кучлар ҳам кези келганда ҳодисаларни ўз фойдаларига буриш йўлида бунга қўл уришлари эҳтимоли бор.

Қирғизистон жанубидаги ўзбек жамоаси яккаланиб бораётгани ҳақида Халқаро Инқироз Гуруҳи ҳам яқинда ҳисобот чиқарганди, лекин сиёсий кучларнинг бу муаммодан фойдаланиб қолиш хулосасига келишга нима асос беради?

Ҳисобот муаллифи Суҳроб Исмоиловнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, Қирғизистондаги вазият ўзининг хавфлилик даражаси бўйича 2010 йил июл ойи ҳодисаларидан аввал бўлган ҳолатга ҳозирда жуда ўхшашдир.

"Бундан ташқари 2010 йилги зўравонликлар қурбонлари, асосан ўзбек жамоси вакиллари учун адолатнинг ҳануз таъминланмагани, уларнинг аксарига нисбатан ноқонуний қамоққа олишлар, асоссиз равишда жиноят ишлари очиб, пул талаб қилишлар, миллатчилик асосида тазйиққа олиш ҳолатлари каби омиллар билан бу вазият янада оғирлашмоқда", деди таҳлилчи.

Суҳроб Исмоиловга кўра, Қирғизистондаги сиёсий вазият ҳам жуда қалтис.

"Миллатчи сиёсатчилар вазиятни янада чигаллаштиришга ҳаракат қилмоқдалар. Мухолифат яна ҳокимиятни ўзгартириш илинжида экан, иккала томон ҳам "ўзбеклар масаласини" ўртага солиш билан ўзларини ҳокимиятга яқинлаштириш ёки ҳокимиятдагилар уни ушлаб қолишга уринишлари мумкин", дея илова қилди Суҳроб Исмоилов.

Ҳисобот муаллифларига кўра, Қирғизистон жанубида қуролли тўқнашувлардан ҳам тоймайдиган шахслар бор. Бундан ташқари ҳукумат таркибида ҳам норасмий қуролли гуруҳларни ишга солишдан қочмайдиган одамлар ҳам бор.

Ушбу ҳисобот юзасидан Ўш шаҳар ҳокими матбуот хизмати баёнот чиқариб, унда айтилган ҳамма нуқталарни рад этган.

"Ўш шаҳар ҳокимига тегишли 300 кишидан иборат қуролли гуруҳнинг Папан сув омбори минтақасида тайёргарликдан ўтказилаётгани борасида ҳисоботда келтирилган маълумот мутлақо асоссиздир. Биз ноҳукумат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларини у ерга бориб бунга ишонч ҳосил қила олишлари учун сафар ташкил этишга тайёрмиз", дейилган ушбу баёнотда.

Алишер Навоий тадқиқот маркази чиқарган ҳисобот муаллифлари эса бу каби маълумотлар ўта ишончли манбалардан олинганлигини айтадилар.

Муаллиф Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, аввалги зўравонликларда айбдорларнинг жавобгарликка тортилмагани сиёсатчиларни бу йўлдан яна бир бор фойдаланишга унадаётган омиллардан биридир.

"Бизнинг мақсадимиз Қирғизистон жамиятида рўй бераётган тенденцияларни кўрсатишдир. Бизнинг асосий томонлар ва халқаро ҳамжамиятга огоҳимиз ва ҳадигимиз шундан иборатки, Қирғизистондаги жорий ҳолатни назардан қочирмаслик керак. Ва аградаки яна хавфли вазият такрорланадиган бўлса воқеалар бошланишидан аввал ёки дастлабки соатларидаёқ аралашиб, инсоний талофатларнинг олдини олиб қолишга тайёрлик ва сиёсий ирода мавжуд бўлиш керак", деди таҳлилчи.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ