Тожикистон:'Энергия, озиқ-овқат ва нақлиёт - уч асосий мақсадимиз'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Мустақил журналистларга кўра, Тожикистон президенти ўз режалари ҳеч кимга халал бермайди деганда Ўзбекистонни назарда тутади

Минтақавий ҳамкорлик, захиралардан биргаликда фойдаланиш ва муаммоларни музокаралар орқали ҳал этиш - Тожикистоннинг бош мақсади, деган фикр Президент Раҳмоннинг парламентга мурожаатида асосий ўринни эгаллаган.

Айни дамда, Имомали Раҳмон ўз мамлакати олдига қўйган уч асосий мақсад сари интилишини ҳам таъкидлаган.

"Энергетика ва озиқ-овқат мустақиллигини таъминлаш ва Тожикистонни нақлиёт иҳоталанувидан чиқариш бош мақсадимиз" - деган Президент Раҳмон - "Эътибор беринг, буларнинг қай бири минтақа манфаатларига зарар етказади?".

"Тожикистон экологик тоза электр ишлаб чиқарса ва бутун минтақа эҳтиёжларини қопласа ёмонми? Ёки қўшниларимизга қарашли воситалар ва жиҳозлардан фойдалансак, бундан биров зиён кўрадими?"

Тожикистон президенти бирон мамлакат отини айтмаган. Лекин мустақил журналистларга кўра, бу ўринда қўшни Ўзбекистон назарда тутилади.

Душанбенинг айблашича, Ўзбекистон уларнинг поездларини, баъзан электр ва газни узиб қўйиб, Тожикистонни иқтисодий қамал қилишга интилмоқда.

Бироқ Тошкентга кўра, бу даъволар атайдан юритилаётган сиёсат натижаси эмас, балки мавжуд шартномалар ва техник сабаблар туфайли юзага келаётганлар ҳолатлардир.

Жорий ҳафта бошида Ўзбекистон Тожикистонга газ таъминотини қайта тиклади. Лекин кузатувчиларга кўра, бу ҳали икки ўртадаги муносабатлар яхшиланаётганини англатмайди.

"Ўзбек тарафи Тожикистонга таъсир этадиган воситаларни ушлаб туриш ва газ харидорини йўқотмаслик учун шундай қарорга келган" - деган Тошкентдан таҳлилчи Анвар Ҳусайнов.

Тоғли ҳудудлардан иборат Тожикистонда ўз аҳолисини таъминлайдиган миқдорда озиқ-овқат ишлаб чиқариш қийин ва мамлакат аксар егуликларни четдан келтиради.

Бироқ Тожикистоннинг ташқи дунёга чиқадиган энг ўнғай транспорт воситалари Ўзбекистондан ўтади. Афғонистон нотинч, Хитой билан ўртада жуда баланд тоғлар турибди ва Қирғизистондан ўтадиган йўллар яхши ривожланмаган.

Кузатувчиларга кўра, Тожикистоннинг бу каби заиф жиҳатларини яхши тушунадиган Ўзбекистон ўз қўлидаги таъсир воситаларини ишга солиб, қўшнисини улкан Роғун ГЭСини қуришдан қайтаришни истайди.

Яна Роғун...

Аммо Тожикистон тиклашга интилаётган Роғун ГЭСи масаласида Тошкент ва Душанбе ўртасида ҳали бирон муроса ва ё келишув аломатлари йўқ.

Тожикистон энергетика мустақиллигини таъминлаш учун барибир Роғунни тиклашини айтиб келади.

Кузатувчиларга кўра, Тожикистон Роғунда оладиган электр таннархи Ўзбекистон ишлаб чиқарадиган электрдан арзонга тушади. Бу дегани - жанубдаги Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон келажакда нисбатан арзон Тожик электрини олишни афзал билишлари мумкин.

Бу эса Жанубий Осиё энергия бозорида ўз ўрнини топишга интилаётган Ўзбекистоннинг иқтисодий манфаатларига зид тушиши мумкин.

Ўзбек мутахассисларига кўра, Роғуннинг улкан сув омборида узоқ йиллар сув йиғиш керак бўлади ва бу вақт ичида Ўзбекистоннинг сувталаб пахтазорлари сувсиз қолиши мумкин.

Сўнгги пайтлари эса Ўзбекистон тарафи зилзила тез-тез юз берувчи тоғли ҳудудда жуда баланд тўғон қуриш минтақа учун келажакда катта хавф туғдиришини айтмоқдалар.

Ҳозирда Роғунни тиклаш мумкинми ёки йўқми, деган масалада халқаро текширувлар кечмоқда.

Бироқ Душанбе ва Тошкентни муросага келтириш ва икки тарафга ҳам манфаатли бир ечимни топиш йўлида на минтақада ҳамкорлик, на халқаро доирада эътибор етишмаётгани ҳам қайд этилмоқда.