Жаноўзен:Гувоҳлар тергов кўрсатмасидан воз кечишмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Жаноўзен маҳкамасида айбланаётган одамлар қийноққа тутилгани ҳақида даъволар ўрнтага чиққан

"Тергов пайти бизни уришган ва босим ўтказишган. Шу боис ёлғон кўрсатма беришга мажбур бўлганмиз".

Қозоғистоннинг Жаноўзен шаҳридаги тартибсизликлар бўйича Ақтау шаҳрида ўтаётган маҳкамада гапирган гувоҳлар ана шундай даъволар билан чиқиб, тергов пайтидаги кўрсатмаларидан воз кечишган.

Жаноўзен маҳкамасини кузатаётган Би-би-си Ўзбек Хизмати мухбири Шодиёр Сайфга кўра, айни фикрларни бир нечта гувоҳлар таъкидлашган.

Улар айбланувчилар "муайян гапни айтгани ва ё банкоматни ўғирлагани" ҳақидаги илк кўрсатмаларини тасдиқлай олмасликларини билдирганлар.

Маҳкама жараёни очиқ, деб эълон қилинган. Бироқ мухбиримизга кўра, журналистлар фақат қўшни хонада туриб, видео орқали жараённи кузатишлари мумкин.

"Аудио ва ё видеога ёзиш мумкин эмас. Фақат умумий манзарани суратга олишга изн берилган" - дейди Шодиёр Сайф.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари бу жараённи Қозоғистондаги аср маҳкамаси, деб айтишмоқда.

Бироқ мухбиримизга кўра, оддий одамлар маҳкамадан яхши хабардор эмас.

Ўтган декабр ўртасида ярим йилдан кўпроқ вақт давомида иш ташлаган нефтчилар, уларнинг тарафдорлари ва полиция ўртасида тўқнашувлар чиққанди.

Намойишчилар ва иш ташлаганларга қарши қурол қўлланган. Мазкур воқеаларда 16 инсон ҳалок бўлган.

Ҳукумат тартибсизликларни келтириб чиқариш ва уларда иштирок этиш ҳамда давлат мулкига зарар етказиш каби ҳолатларга оид айбловлар билан 37 кишини маҳкамага тортмоқда.

Аммо халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳларига кўра, намойишчиларга қарши қурол қўллаб, уларни жазолашга тушиб кетган Қозоғистон ҳукумати демократик тамойиллардан чекинмоқда.

Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти эса ўзининг сўнгги баёнотида Жаноўзен воқеалари бўйича айбланган одамлар қийноққа тутилган, деган даъволар ортидан Қозоғистонни ушбу жараённи тўхтатишга ва қайтадан текширувлар ўтказишга чақирмоқда.