Москва: 'Тошкент ва Душанбе мулоқот бошлаши керак'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Сергей Лавровнинг гапига қараганда, Москва ҳозир Тошкент ва Душанбе ўртасидаги можарога аралашмоқчи эмас

Тожикистонга келган Кремль вакили Душанбе ва Тошкентни ўзаро мулоқот бошлашга даъват этди.

Лекин Марказий Осиёдаги бу икки қўшни орасида юзага келаётган масалаларда Россия қандай йўл тутиши борасида бирон гап айтмади.

Кузатувчиларга кўра, Россия вазирининг гапини "ўртадаги масалаларни ўзаро ҳал қилаверинглар, Москванинг бунга аралашиш нияти йўқ" тарзида ҳам талқин қилиш мумкин.

"Агар воситачилик қилиш нияти бўлса, унда Душанбедаги матбуот анжумани чоғи айтарди" - дейди Душанбедаги Би-би-си мухбири Искандар Феруз.

Олдинроқ эса Тожикистон раҳбарияти ўз ҳудудида Россия ҳарбий базаси муддатини узайтиришга рухсат бериш эвазига Роғун ГЭСи бобида Москвадан қўллов истайди, деган башоратлар бор эди.

Бироқ Россия базаси тақдири борасида бирон янгилик айтилмади. Шунингдек, Роғун ҳақида ҳам гапирилгани йўқ.

"Тожикистон ўз ҳудудидаги база учун Россиядан йилига 300 миллион АҚШ доллари сўраган, деган тасдиқланмаган хабар бор эди, уни рад этишди" - дейди Искандар Феруз - "Россиянинг ҳақ тўлаш истаги йўқ".

"Россиянинг ўйлашича, ўз аскарларининг Тожикистонда қолаётган бутун Марказий Осиё хавфсизлигини кафолатлаб туради".

Кузатувчиларга кўра, ҳозирда Россия Тожикистонга ёқилғи маҳсулотларини солиқсиз сотишни таклиф қилмоқда. Ана шунда ёқилғи маҳсулотларига ташна Тожикистон уларни 50% арзонроқ олиши мумкин бўлади.

Роғун, муҳожирлар ва бир долларлик база

2004 йили эришилган келишувга мувофиқ, Россия Тожикистондаги ҳарбий базадан фойдалангани учун Душанбега ҳар йили бир доллардан рамзий ҳақ тўлаб келади. Кўринишича, Тожикистон бундан рози эмас.

Душанбе Роғун ГЭСи борасида Ўзбекистон билан юзага келган зиддият борасида ташқаридан кучли дастак истайди. Россия - шулардан бири. Аммо Тошкент ва Душанбе ўртасида юзага чиққан муаммоларда Кремлнинг кимга қайишиши аниқ эмас.

Чунки Россия қашшоқ ва ташқи дунёга чиқиш учун асосан Ўзбекистонга боғланиб қолган Тожикистонда ўз манфаатларини осонлик билан ҳимоя қила олишига ишонади. Ўзбекистонда эса бу анча қийин масала.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Россия қўлидаги Тожикистонга қарши қўллайдиган воситалардан энг кучлиси - ўз ҳудудидаги бир ярим миллионлик тожик муҳожирлари

Бироқ Россия раҳбарияти Тожикистоннинг манфаатларини ҳимоя қиламан, Марказий Осиё аҳолисининг ярми яшайдиган, минтақадаги энг йирик армияга эга ва кучлироқ Ўзбекистонга қарши боришни ҳам истамайди.

Айни дамда, Ўзбекистон ўзини Россияга содиқ ва яқин иттифоқчи сифатида кўрсатавермайди. Шу асно, Тошкент тарафини олиб, Душанбедек яқин иттифоқчисини хафа қилиш ҳам Россия учун мақбул йўл эмас.

Россия президенти Дмитрий Медведев 2010 йили Ўзбекистонга сафари мобайнида гидроиншоотлар борасида Тошкентнинг мавқеини қўллаб-қувватлашини билдирганди. Бу эса ўз навбатида Тожикистон раҳбариятида қаттиқ норозилик уйғотган.

"Лекин Россия ва Тожикистон мулоқотларида Москванинг қўлида кучли ва кўпроқ воситалар бор" - дейди Искандар Феруз -"Россиядаги бир ярим миллиондан кўпроқ меҳнат муҳожири ватанига йилига 4 миллиард доллар пул жўнатади".

"Ушбу маблағ Тожикистоннинг ижтимоий ва иқтисодий барқарорлиги кафолатидир. Буни билган Россия, шаксиз, ўз шартларини илгари суришда давом этади, Тожикистон ҳам уларга кўнишга мажбур".

Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги кескинликни юмшатишдан Россия ўзи учун бирон наф кўраётгани йўқ. Шу боис жим туриб, кузатишни афзал билмоқда.

"Аммо Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги тангликни юмшатиш мақсадида бошқа давлатлар аралашувини ҳам истамайди" - дейди Душанбедаги мухбиримиз -"Агар Эрон ва ёки Хитой бош қўшишга киришса, ана унда Россия ҳам фаоллашиб қолади".

Бу мавзуда батафсилроқ