Жанаўзенлик полиция ходимлари устидан маҳкама бошланган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўтган йили декабрида 16 инсон ўлимига сабаб бўлган Жанаўзендаги тартибсизликлар пайти намойишчиларга ўт очишда айбланаётган беш полиция ходими устидан маҳкама бошланган.

Маҳкама Манғистау вилояти маркази Ақтау шаҳрида бошланган.

Хабар қилинишича, полициячиларга оғир оқибатларга олиб келган хизмат ваколатларини суистеъмол қилиш айблови қўйилган.

Беш нафар ходим ҳибсда сақланмоқда, тўрт полициячига маҳкама бўлиб ўтгунича "уй қамоғи" шароитида бўлиш яна бир ходим яшаб турган жойини ташлаб кетмаслик ҳақидаги тилхат асосида қўйиб юборилгани хабар қилинган.

Аксар иштирокчилари 7 ойдан буён ўз ишларига тикланишини талаб қилган нефтчилар бўлган ҳодисалар 16 декабр - Қозоғистон мустақиллигининг 20 йиллиги нишонланаётган кунда рўй берган эди.

Расмийлар тартибсизликлар иштирокчилари мустақиллик байрами тантаналари бўлаётган саҳнани бузишгани, Жанаўзендаги қатор биноларга ўт қўйишганини айтишган.

Жамоат тартибини сақлаш мақсадида полициячилар ғалаён иштирокчиларига ўт очганларини айтишган Қозоқ расмийлари.

Ғалаённи бостиришдаги ҳаракати учун полиция мақталди ҳам.

Ўша куни камида 16 инсон ҳалок бўлгани, юздан зиёд инсон жароҳатлангани хабар қилинган.

Расмийларнинг полиция ғалаённи бостириш мақсадида иш тутгани ҳақидаги баёнотларига қарамасдан, Youtube веб-сайтида полициячилар қуролсиз инсонларга ўқ отаётгани акс этган мобил телефонда видеотасвир эълон қилинган.

Танқидчиларга кўра, маҳкамага тортилган ходимлар ўрта ёки паст даражадаги полиция ходимларидир ва аслида намойишчиларга қарата ўт очишга буйруқ берган раҳбарларнинг жавобгарликка тортилишлари эҳтимоли кам.

Айни пайтда Ақтау шаҳрида Жанаўзендаги оммавий тартибсизликларида айбланаётган 37 инсон устидан ҳам маҳкама жараёни давом этмоқда.

Айланаётганларнинг аксари дастлабки тергов пайтида ўзларига қўйилган айбловларни тан олдириш мақсадида калтакланганлари ва қийноққа тутилганлари ҳақида маҳкама жараёнида батафсил кўрсатма берганлар.

Гувоҳлар ҳам айбланувчиларга нисбатан дастлабки терговда берган кўрсатмаларидан воз кечганлар.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳамда фуқаровий жамият фаоллари Қозоғистон раҳбариятига мурожаат қилиб маҳкамани тўхтатишни сўраганлар ва қийноқ ҳолларини текшириш ҳамда қийноқлар учун масъулларни жавобгарликка тортиш чақириқлари янгради.

Бу мавзуда батафсилроқ