Тожикистон Ислом Уйғониш партияси кимга хавф солмоқда?

Image caption Сўнгги йиллар Ислом Уйғониш партияси тарафдорлари сони кескин ортгани айтилади

Марказий Осиёда ягона расмий диний партия - Ислом Уйғониш партияси Тожикистонда фаолият кўрсатади.

Сўнгги пайтлар бу партия мулозимлари ўзларига ҳукумат томонидан янги босимлар тўлқини бошлангани ҳақида арз қилишмоқда.

Бош Прокуротура ходимлари кутилмаган шаклда текширувлар ўтказишмоқда. Партиянинг молиявий таъминоти ва хориж билан алоқалари ҳақида қизиқиб қолишгани айтилади.

Ҳукумат айни амалларни қонун доирасида кечаётганини ва бунда ҳеч бир ғайриоддийлик йўқлигини урғулашади.

Тожикистонликларнинг аксарияти Ислом динига эътиқод қилишади. Сўнгги йиллар диннинг таъсири кучайгани яққол сезилади. Кузатувчиларга кўра, ҳукумат айнан қонуний ва расмий фаолиятда бўлган исломчиларнинг таъсиридан хавотирга тушган.

2010 йилда кечган парламент сайловларида Ислом Уйғониш партияси расман эълон этилишича 7 фоиз овоз олишга муваффақ бўлган.

Кўплаб кузатувчилар ўшанда, аслида бу партия тўплаган овозлар расмий кўрсаткичдан кескин фарқ қилишини айтишганди.

Аммо ҳатто расмий 7 фоизлик кўрсаткич ҳам ҳукумат учун кутилмаган воқелик бўлган...

Режадаги “текшир-текшир”

Image caption Масжидлар намозхонлар билан тўла

Республика Бош прокуратурасида сўнгги “ текшир-текшир”ларни изоҳлашмади. Мулозимлар ҳаммаси қонунчилик доирасида кечаётганини айтишди. Бу каби текширувлар мулозимларга кўра, коммунистлар партияси ва қудратдаги Халқ демократик партияси идораларида ҳам ўтказилгани маълум қилинди.

Назоратчи органлар сиёсий ташкилотларнинг низоми, аъзолар рўйхати, молиявий таъминоти ва халқаро алоқалари билан қизиқишган.

Айниқса, сўнгги икки масала уларни кўпроқ қизиқтиргани айтилади.

“Араб баҳори”дан кейин назоратчи органларнинг ягона диний партиянинг фаолиятига эътибори яна ҳам кучайган.

Ислом Уйғониш партиясида бу каби текширувлар билан бирга ўз аъзоларига нисбатан босимлар ҳам кучайганини даъво қилишмоқда.

Партия раисининг ўринбосари Маҳмадали Ҳайитовга кўра, ҳукумат Ислом Уйғониш партиясининг аъзолари ва тарафдорларини турфа йўллар билан қўрқитиб қўйишга ҳаракат қилмоқда.

Босимнинг янги йўлларини радикал ва қаттиққўл деб аташ мушкул. Ҳайитов жанобларига кўра, айрим ҳолатларда уларнинг аъзоларига партиядан чиқиш учун томорқалар, ҳукумат органларида мансаблар таклиф қилинмоқда.

Айримлар бу каби таклифларни қабул қилаётгани ҳам рост.

Аввалроқ ҳукуматнинг дин масалалари бўйича қўмитаси Ислом Уйғониш партиясининг марказий идорасида намоз ўқишни тақиқлаб қўйган эди.

Айни намозхонада бир маънода бутун минтақада мисли кўрилмаган ўзига хосликка эга эди.

Бу ерга аёллар ҳам ибодат қилгани келишарди.

Бир неча йил аввал Уламолар кенгаши хотин-қизларнинг масжидларда намоз ўқишини фатво чиқариб манъ этган эди.

Бунгача эса дунёда хотин – қизларнинг масжидга киришларини тақиқлаган ягона давлат Афғонистон эди. Бу ҳам фақат Толиблар даврида амалда бўлган қонун эди, холос.

Исломийлашиш жараёни тугадими?

Аммо ҳукуматнинг босимларига қарамасдан, мамлакатда Ислом Уйғониш партиясининг обрўси ортиб бормоқда.

Бунга асосий сабаблар қаторида Тожикистондаги ишсизлик, қашшоқлик ва порахўрликнинг кенг тарқалгани кўрилади.

Ислом Уйғониш партияси қисқа муддатда ўз аъзолари сонини 42 мингдан оширишга муваффақ бўлди.

Диний партиянинг сиёсий ва ижтимоий қарашлари халқ орасида машҳурлашаверар экан, келаси парламент сайловларида у жорий ҳукумат учун ҳақиқий хавфга айланиши мумкин.

"Тожикистонда аҳолини исломлашиш жараёни деярли якунига етди, айниқса диний байрамларда бу яққол кўзга ташланади. Ҳукумат эса Ислом Уйғониш партиясидан бу ташаббусни олиб қўймоқчи эди, уддасидан чиқолмади”, дейди сиёсатшунос Абдуғани Мамадазимов.

Сиёсатшуносга кўра, ҳукумат халқнинг тўла дастагига эга эмаслигини яхши билади ва ўз мухолифларини куч ишлатар тизимларни ишга солиб жиловлашга ҳаракат қилади.

“ Одамлар ислоҳот ва ўзгаришларни исташмоқда. Иқтисодий бўҳрондан чиқишнинг янги дастурларига кўз тикмоқда...Ҳукуматнинг эса бунга қурби етмаяпти. Шунинг учун халқ бир маънода ҳар қандай муқобил ҳукуматни қўллашга тайёр”, дейди Абдуғани Мамадазимов.

Ислом, иқтисод ва қудрат

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Радикал гуруҳларни жиловлашда ҳукуматнинг қаттиққўл амаллари самара бермаётгани айтилади

Тобора обрўси юксалиб бораётган партия раҳбарларига кўра, улар келаси йил кечиши режаланган президентлик сайловида қатнашиш режасида эмаслар.

Тожикистон исломчиларини кўпинча аниқ бир иқтисодий дастури йўқ дея танқид қилишади.

Кузатувчилар эса улар ўз иқтисодий сиёсатларини ошкор этишни атайдан исташмайди. Чунки Исломнинг иқтисодий масалаларда тутган мавқеиси ҳозирги иқтисодий сиёсатдан кескин фарқ қилади. Ислом Уйғониш партияси эса ҳукумат билан шундоқ ҳам нозик муносабатларни яна ҳам таранглаштиришни истамайди.

"Бугунги кунда исломий партиянинг ҳукумат тепасига келиши мумкин эмас. Жамият бунга тайёр эмас. Исломчилар давлат қандай асосларга қурилган ва уни қандай ҳимоя қилиш керак деган саволларга аниқ жавоб беришолмайди. Бунинг устига бизда уламоларимиз анча кучсиздир”, дейди Президент ҳузуридаги исломшунослик марказидан Абдулло Муҳаққиқ.

Муҳаққиқ жаноблари ҳукумат текширувларини ўринли деб билади.

Радикал ва яширин диний гуруҳларнинг фаоллашуви ва улар томонидани уюштирилган бир неча портлашлар ҳукуматда хавотир уйғотаётгани тайин.

Аммо ҳукуматнинг қаттиққўл ва куч ишлатиш чоралари ҳозирга қадар жиддий самара бергани йўқ, қайтага аҳоли орасида радикал фикрловчилар сафини кенгайтирмоқда.

Ҳукуматга бўйсунадиган расмий Уламолар кенгаши эса аҳоли орасида обрў-эътиборини йўқотмоқда.

Уларнинг ўрнига ёш ва Шарқ давлатларида таълим олиб қайтган диний олимларнинг обрўси кун сайин ортиб бормоқда.