Қирғиз-Ўзбек чегараси: 'Узундан-узоқ навбатлардан бездик'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ўзбекистон ўтган йиллар давомида Қирғизистон билан чегараларини тўсиб чиқмоқда

"Чегара ўтиш масканлари очиқ. Аммо навбат жуда узун. Одамлар эртадан-кечгача оёқда қолиб кетишмоқда" - дейди "Дўстлик" чегара масканига яқин яшовчи Ўшлик Муртазо.

"Кўпчиликнинг тирикчилиги шу чегарага боғлиқ-да. Ҳозир баҳор. Биров кўчат олиб ўтади, бошқаси Ўзбекистондан бир челак қулупнай келтиради" - давом этади у - "Энди чегара борди-келдиси - икки давлат ўртасида ҳал қилиниши керак масала".

Маълум бўлишича, Ўзбекистон чегарачилари ҳозир ҳар бир ўтадиган киши ҳақидаги маълумотларни компьютерга киритишаётгани боис навбат ўта секин силжийди.

Бунинг устига, чегаранинг икки тарафида ўзаро қариндош-уруғчилик ришталари кучли ва аҳоли ўта зич яшайдиган бу минтақада жуда кўплаб чегара ўтиш йўллари ёпилган.

Бир неча кун олдин Аравон туманида яшовчи бир аёлни "Ўзбекистон чегарачилари отиб ўлдирган" деган хабарлар тарқалганди. Эндиликда Қирғизистон расмийлари Фотима Абдуқаҳҳорова тириклигини ва ҳозир Андижон вилоятидаги касалхонада даволанаётганини айтишди.

"Аравонда чегаралар ёпиқ-да, катта ўтиш жойлари эса жуда тирбанд" - дейди Муртазо -"Қирғизистондаги ҳар бир ўзбек оиласининг қўшни Ўзбекистонда ҳеч бўлмаса биттадан қариндоши бор. Одамлар зиёрат ва дийдор учун ҳам ўтиб-қайтишади".

Қирғизистондаги ўтган йиллар юзага келган нотинчликлар, Ўзбекистонга қаратилган жангарилар ҳужумлари ва, кейинроқ, Ўш қирғини ортидан Ўзбекистон ўзининг Қирғизистон билан ўртадаги чегараларини яна қаттиқроқ иҳоталай бошлади.

Лекин икки мамлакат чегаралари баъзида маҳалла кўчаларидан, ҳатто, одамларнинг ҳовлиларидан ўтади.

Бунинг устига, бир мамлакатга қарашли йўл иккинчи мамлакат ҳудудидан ўтган ҳолатлар ҳам бор.

Ўзбекистоннинг Сўх ва Шоҳимардон анклавларига бориш учун ҳам Қирғизистон ҳудудларидан ўтиш керак.

Сўнгги пайтлари эса Ўзбекистоннинг чегарани мустаҳкамлаш ҳаракатлари Қирғизистон сиёсатдонлари орасида норозиликларларга ҳам сабаб бўлган эди.

Қирғиз тарафига кўра, чегараларни аниқлаш ва белгилаш жараёни икки қўшни ўртасида узил-кесил ҳал бўлгани йўқ.