"Белгия Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида воситачилик қилади"

Белгия Ташқи ишлар вазири
Image caption Белгия Ташқи ишлар вазирига кўра, у Имомали Раҳмон билан Тожикистон ва Ўзбекистон алоқаларини муҳокама этган

Белгия "Марказий Осиё минтақасидаги мамлакатлар ўртасида муносабатларни яхшилаш" учун Ўзбекистон билан музокара ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда.

Бу ҳақда Белгия Ташқи ишлар вазири Дидие Рейндерз ва Мудофаа вазири Питер де Крим Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан Душанбе шаҳрида учрашишлари ортидан маълум қилганлар.

Мазкур учрашувда, шунингдек, Афғонистондан хорижий кучлар чиқиб кетиши ортидан Оврўпо Иттифоқининг Тожикистон чегарачиларига ёрдам кўрсатиши ва келгуси йил Тожикистонда бўлиб ўтажак президент сайловига халқаро кузатувчиларни юбориш мавзулари ҳам муҳокама этилган.

Белгия Ташқи ишлар вазири Дидие Рейндрерз журналистларга жаноб Раҳмон билан мулоқот чоғида Тожикистоннинг Россия ва минтақа давлатлари билан алоқалари юзасидан "фойдали" суҳбат бўлганини айтган.

"Тожикистоннинг Россия, Эрон, Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа мамлакатлари билан бўлган муносабатлари ҳақида Президент Раҳмон фикрларини билиш менга жуда қизиқарли эди. Бу суҳбатлар Белгиянинг мазкур давлатлар билан, илк навбатда Ўзбекистон билан икки томонлама музокаралар ўтказишга тайёргарлик кўришида фойдалидир," - деди у.

Жаноб Рейндерзнинг илова қилишича, ушбу масалада Белгиянинг ушбу мавзуда Ўзбекистон билан мулоқот ўтказиш "эҳтимоли юқоридир".

Бир неча ҳафта муқаддам Оврўпо Парламентининг вакили Струан Стивенсон Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари ўртасида Белгия пойхати Брусселда жойлашган Оврўпо Парламенти биносида тўғридан-тўғри учрашув ўтказишга воситачилик

қилишга тайёр эканини билдирганди.

Белгия Ташқи ишлар вазири яқин келажакда Тожикистон президенти Белгияга расмий сафар қилишини билдирди.

Бу мавзуда батафсилроқ