Қозоқ полицияси қийноқларга оид даъволарни рад этди

Тергов хулосасидан
Image caption Манғистау полицияси Жанаўзен ҳодисалари ортидан ҳибсга олинган шахслар қийноққа тутилмаганини айтади

Полиция терговчиси Жанаўзен ҳодисалари бўйича судланётганлар қийноққа тутилганини рад этиб чиқди.

Маҳкамада иши кўриб чиқилаётган судланувчилар тергов вақтида қийноқларга тутилганини борасида ҳакамга шикоят қилган ва тергов жараёнидаги берган кўрсатмаларидан воз кечган эди.

Ҳакамнинг вилоят прокуратурасига бу борада изоҳ талаб қилган аризасига полиция хизмати жавоб берган ва қийноқ ҳолатларини рад этиб жиноий иш очилмаслигини билдирган.

Маҳкама жараёнини кузатиб бораётган ҳуқуқбонлар қийноқлар борасида бирор экспертиза ўтказилмагани сабаб ушбу жавоб қонунга тўғри келмаслигини айтмоқда.

Манғистау вилоят полиция департаменти ички хавфсизлик бошқармаси катта терговчиси Н. Ажибаев маҳкамага қийноқлар борасида жиноий иш очишдан бош тортиш тўғрисида қарор юборган.

Қарорда айтилишича, Жанаўзенда 16 декабр кунги оммавий тартибсизликлар бўйича судланувчилардан келиб тушган қийноқлар борасидаги иддоалар текширилган.

Ҳужжатда келтирилишича, ҳакамга шикоят қилган 16 дан ортиқ судланувчи бирор ерга қийноқлар борасида ариза ёзмаган ва шифохонада кўрикдан ўтмаган. Қоғозда ушбу судланувчиларнинг исми шарифи келтирилган.

"Тўпланган ҳужжатларни келиб чиқиб, ушбу фуқароларнинг хабарини пухта ўрганиб, судланувчилар бундай ҳаракатларни жиноий жавобгарликдан қочиш мақсадида амалга оширган дея ҳисоблаб ва терговни олиб борган ходимларнинг фаолиятида жиноий аломатлар йўқлигини эътиборга олиб бу иш бўйича жиноий иш очишни рад этаман", - дейди катта терговчи Н. Ажибаев.

Маҳкамани бефосита кузатиб бораётган "Жанаўзен 2011" қўмитаси аъзолари ушбу қарорнинг қонуний асоссиз эканлигини айтади.

Қўмита вакилларига кўра ҳакам Аралбай Нағашибаев қийноқлар борасида текширув ўтказишни сўраб вилоят прокуратурасига мактуб йўллаган.

Жавоб эса ички ишлар департаментидан келди.

Иккинчидан бу борада ҳеч қандай экспертиза ўтказилгани йўқ.

"Савол туғилади: cудланувчи Рўза Тулетаеванинг тергов вақтида юлиб олинган сочини ҳеч ким экспертизага юборгани йўқ. Ушбу юлинган сочлар ҳамон Роза Тулетаевада бўлиб турибди. Ушбу терговчи Розанинг ҳеч қандай муаммоси йўқлигига қандай қарор берди", - дейди "Жанаўзен 2011" қўмитаси аъзоси Ерлан Калиев.

Ерлан Калиевнинг қўшимча қилишича, терговчи қарорда шикоятчиларни номма ном келтирган ва уларнинг бирортаси ҳам қийноқлар борасида шикоят қилмаганини айтган.

Аммо судланувчиларнинг ичида Мақсад Дўсмуҳаммедовга нисбатан ишлатилган қийноқлар натижасида унинг қовурғаси синган ва ушбу қийноқ аломатларини тасвирга тушириб, шикоят ёзишга улгурган.

Мақсад Дўсмуҳаммедовнинг иши бўйича полиция ходимларига нисбатан жиноий иш очилган.

Вилоят ички ишлар департаменти катта терговчиси ушбу ҳолатни инобатга олмай, Мақсаднинг ҳам шикоят қилмаганини келтириб ўтган.

Жанаўзендаги оммавий тартибсизликлар бўйича 37 киши устидан маҳкама давом этмоқда.

Айбланувчиларнинг деярли ҳаммаси 7 ой давомида намойишда турган нефтчилардир.

Улар маҳкама давомида ўзларига қўйилган барча айбларни рад этган ва тергов давомида қийноқларга тутилганини иддоа қилган.

Айбланувчиларга қарши тергов вақтида кўрсатма берган гувоҳлар ҳам маҳкама давомида ушбу кўрсатмаларидан воз кечган.

Гувоҳлар ҳам тергов давомида қийноқларга учраганини эътироф этган.

Бу мавзуда батафсилроқ