Тожикистон жанубида Ўзбеклар Жамияти раҳбари калтаклаб кетилди

Салим Шамсиддинов Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Салим Шамсиддинов пайшанба куни номаълум уч шахс томонидан калтаклаб кетилган

Тожикистон жанубида жойлашган Хатлон вилояти Ўзбеклар Жамияти раиси ва мамлакат Ўзбеклар Жамияти раисининг муовини Салим Шамсиддинов 5-май куни Қўрғонтеппа шаҳрида номаълум шахслар томонидан калтаклаб кетилган.

Салим Шамсиддинов Би-би-сига айтишича, номаълум уч ёш йигит уни вилоят Миллий хавфсизлик қўмитаси биноси яқинида қаттиқ калтаклашган.

Воқеа гувоҳларига кўра, мазкур уч йигит Шамсиддиновни Миллий хавфсизлик қўмитаси биноси яқинида эрталабдан пойлаб туришган ва унинг яшаш жойини яхши билишган.

Салим Шамсиддинов айтишича, улардан бири унинг ўнгидан чиққан ва қолган икки нафари ортидан яқинлашиб, бошига темир парчаси билан уришган ва ерга қулатишган.

У боши ва оёқларидан кўплаб жароҳат олганини айтган.

Шамсиддиновни ҳодиса жойидан ўтаётган маҳаллий полиция зобити қутқариб олган, уни калтаклаган ёшлар эса автомобилга ўтириб, қочиб қолишган.

Салим Шамсиддиновнинг шифокорлар сўзларига таяниб айтишича, бошига еган кўплаб зарбалар туфайли уйига олиб келишгач, у ҳушидан кетган.

У ўзининг калтаклаб кетилишини "Миллат" ҳафтаномаси билан бўлган суҳбатига боғлаган.

Ҳафтанома билан бўлган суҳбатда Салим Шамсиддинов Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ҳақида сўз юритган.

Салим Шамсиддинов ҳодиса юз берган куннинг ўзидаёқ Қўрғонтеппа Ички ишлар идорасига ариза топширгани, бироқ шаҳар полицияси ҳозирга қадар қидирув ишларини бошламаганини билдирган.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистон аҳолисининг тахминан 14 фоизини ўзбеклар ташкил этади.