Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қирғизистон: Қодиржон Ботировнинг мол-мулки мусодара қилинади

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Қодиржон Ботиров ватанида сиртдан умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилган

Қирғизистон Бош прокуратураси ўзбек раҳбарларидан Қодиржон Ботировнинг мол-мулки мусодара этилишини маълум қилган.

Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Нурлан Жээналиевга кўра, Ботировнинг мол-мулки юзасидан алоҳида маҳкама режаланмоқда.

Айни пайтда Жалолобод вилоят прокурори Қиличбек Тоқтоғулов ўзбек раҳбарига тегишли 28 та корхона ва иншоотни, маҳкама қарорини кутиб ўтирмасдан, аллақачон мусодара қилиш жараёнини бошлаб юборганликларини билдирган.

Қирғиз Бош прокуратураси Қодиржон Ботировни 2010 йил июнидаги зўравонликларда айбдор, деб топиб, сиртдан умрбод қамоқ жазосига маҳкум этган.

Ҳозирда Швецияда бошпана топган Қодиржон Ботиров ўзига қўйилган айбларни рад этади.

'Ноқонуний'

Би-би-си билан суҳбатда Қодиржон Ботиров мол-мулкини мусодара қилиш қарорини ноқонуний, деб атади.

"Буларнинг қилаётган иши ноқонуний. Менинг устимдан чиқарилган ҳукмда Бакиевларнинг мол-мулкига етказилган зарарни қоплаш ҳақида гап боради. У ерда Жалолобод ҳокимиятини босиб олган, намойишчиларнинг ўлимида айбдор одамлар жабрдийда қилиб кўрсатилган. Уларга етказилган "зарар"ни бизнинг ҳисобимиздан қоплаш деган баҳона билан қилинаяпти бу ишлар",- дейди Қодирдон Ботиров.

У шунингдек, қирғиз расмийларининг гўёки ўз бизнесини қутқариш ниятида зўравонликлардан бир неча кун ўтиб, турмуш ўртоғи билан ажралишни сохталаштиргани ҳақидаги даъволарини рад этади.

"Биз турмуш ўртоғим билан 2002 йилдан буён бирга яшамаймиз. Мен бу нарсаларни оилам, болаларим учун қилганман ва ҳамма нарса ўшаларнинг номида. Менинг номимда битта велосипед ҳам йўқ", - дейди у.

Қирғизистон маҳкамаси шу кунларда Ботировларнинг ажралиши ҳақидаги қарорни сохта, дея бекор қилган.

Айрим қирғиз депутатлари парламентдаги чиқишларида ўзбек ишбилармони орттирган бойликлар манбайини савол остига олишган ва улар қирғиз расмийларини сотиб олиш ва сохтакорликлар эвазига орттирилганини даъво қилганлар.

"Агар мен ноқонуний йўллар билан бизнес қилмоқчи бўлсам, менга университет, шифохона ва спорт залларини қуришнинг нима кераги бор эди?",- дейди ишбилармон.

У Қирғизистон расмийларини ўзгалар мулкини ноқонуний йўллар билан босиб олишга уриниш ва коррупцияда айблайди.

"Вазири борми, ҳокими борми, суд-прокуратурами, ҳаммаси ягона коррупция тизими. Буни яшириш ва ўзларини ишлаётган қилиб кўрсатиш учун Ботировга ўхшаган одамлар керак", - дейди Швецияда бошпана топган ўзбек ишбилармон.