Қирғизистон: прокурор миллий низо қўзғашда айблаб рус журналистига 8 йиллик жазо сўраган

Владимир Фарафонов
Image caption Журналист Фарафонов ўзига нисбатан жиноят ишини Қирғизистон "сиёсий пирамидасининг энг юқорисидан келиб тушган буюртма" деб атайди.

Бишкекда рус журналисти Владимир Фарафонов устидан кечаётган маҳкамада давлат айбловчиси миллатлараро низо қўзғаш, Қирғизистонни обрўсизлантиришда айбдор деб топиб, унга 8 йиллик қамоқ жазосини тайинланишини сўраган.

Владимир Фарафоновнинг Қирғизистондаги президентлик сайловлари, бу мамлакатдаги казачество ва миллатлараро низолар мавзуларига бағишланган мақолалари Қирғиз жамоатчилиги томонидан ғазабнок қабул қилинган, ўтган йил охирида журналистга нисбатан жиноят иши қўзғатилган эди.

Жиноят иши бўйича терговни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ўтказган, тергов пайтида Владимир Фарафоновнинг 16 та мақоласи ва компютери ичидан олинган материаллар ўрганилган.

Мақолалар бўйича Қирғизистон Миллий Фанлар Академиясидан экспертиза олинган.

Шу йил февралида дастлабки тергов якунига етказилган ва журналист иши бўйича маҳкама март ойида бошланган.

Журналистга нисбатан асосан уч айблов илгари сурилмоқда.

"Биринчиси, миллатларо низо қўзғаш. Иккинчиси, Қирғиз халқининг миллий қадрини ҳақоратлаш ва Қирғизистоннинг имиджини халқаро ҳамжамият кўзи олдида ерга уриш айбловлари", дейди Владимир Фарафонов.

Ўзига нисбатан жиноят иши тергови якунланганидан кейин журналист Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоевга мурожаат қилган.

Ўз мурожаатида Фарафонов ёзишича, мамлакатда агрессив қирғиз миллатчилиги хавфи мавжудлиги ҳақида ёзгани учун унинг оғзини ёпмоқчи бўлаяптилар.

Маҳкама пайтида журналист мақолалари бўйича муносабат билдириш учун эксперт-политолог Кубатбек Султанбеков чақирилган.

"У менинг мақолаларимда фақат "маиший миллатчилик" унсурларинигина кўрганлигини, менга айблов қилиб қўйилаётган давлат миллатчилигини кўрмаганлигини айтди. Шунингдек, эксперт журналистни айбдор деб ҳисобламайман, деди", дейди Би-би-си билан суҳбатда Владимир Фарафонов.

Би-би-сининг маҳкама жараёнини сиз Қирғизистон қонунчилигига риоя этилиши нуқтаи назаридан қандай баҳолайсиз, деган саволига журналист "буни менга нисбатан босим бўлаётгани ёки бўлмаётгани маъносида жавоб беришим мумкин", дейди.

"Менга тўғридан-тўғри босим бўлгани йўқ. Лекин бу ерда бир қизиқ жиҳати бор. Бу қонунчиликни Оврўпоча тушуниш эмас, шарқона талқин қилиш билан боғлиқ. Яъни, сенинг юзингга "йўқ", деб айтишмайди, лекин билвосита йўқ деган жавобни оласан. Мисол учун менинг адвокатим камида беш марта, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари мен учун беш марта илтимос аризасини киритишди. Аммо буларнинг бирортасига ҳам жавоб берилгани йўқ. Мана шу нарса суднинг жиноий ишга нохолис ёндашаётганини кўрсатади. Ва бу ушбу буюртма мамлакат сиёсий пирамидасининг энг юқорисидан келиб тушганини англатади", дейди Владимир Фарафонов.

Журналист устидан бораётган маҳкамада 24 майгача танаффус эълон қилинган.

Унда журналист адвокати ва унинг жамоатчи ҳимоячиси чиқиш қилишади.

Шундан кейин маҳкама қарори эълон қилиниши кутилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ