BBC navigation

Бишкекда марҳур журналист учун ўрнатилган ёдгорлик ўғирлаб кетилди

Сўнгги янгиланиш 21 май 2012 - 14:11 GMT
Геннадий Павлюк учун ўрнатилган ёдгорлик

Геннадий Павлюк уч йил муқаддам Олмоти шаҳрида ҳалок этилганди

Душанбага ўтар кечаси Қирғизистон пойтахти Бишкекда марҳум журналист Геннадий Павлюк хотирасига ўрнатилган ёдгорлик ўғирлаб кетилган.

Қирғиз полиция мулозимларига кўра, ёдгорлик ярим тундан кейин ўғирланган бўлиши мумкин.

Чунки ёдгорлик ўнгида жойлашган меҳмонхона қўриқчиси ярим тунда ҳайкал ўз жойида турганини кўрган, дейди полиция зобитлари.

Эрталаб соат беш яримда шаҳар ободончилиги корхонасининг ходимлари маҳални тозалаш учун келганларида ёдгорлик жойида бўлмаган.

Полициянинг билдиришича, Қирғизистон Марказий кутубхонаси рўпарасида ўрнатилган ҳайкални ўғирлаган шахслар уни кутубхона тўсиғи бўйлаб судраб кетишган.

Ҳодиса жойида биринж ҳайкал парчаси топилган.

Тергов амалиётини бошлаган полиция гуруҳи тахмин қилишича, бронза билан қопланган ёдгорликни ўғирлаб кетган шахсларнинг асосий мақсади – ҳайкални пул эвазига темир қабул қиладиган масканга топшириш.

Ўғирлик содир этилган маҳалдаги барча бино ва корхоналар текширилган.

Геннадий Павлюк хотирасига ўрнатилган ёдгорлик оғирлиги 250кг, баландлиги эса 1.7 метрдир.

Унинг баҳоси 20 минг АҚШ доллари экани айтилади.

Ёдгорлик пойтахт Бишкекнинг марказида Опера ва балет театри қаршисида ўрнатилганди.

Қирғизистонда таниқли журналист Геннадий Павлюк бир қатор оммавий ахборот воситаларида ишлаган, ҳаётининг сўнгги йилларида мухолифатнинг "Белый пароход" ("Оқ кема") интернет саҳифаси учун мақолалар ёзган.

Расмий маълумотларга кўра, уч йил олдин журналист Қозоғистоннинг Олмати шаҳрида бир гуруҳ шахслар томонидан меҳмонхонага алдаб таклиф қилинган ва ўша ерда қийноққа солинган.

Қийноқлар ортидан қўллари ва оёқлари боғланган Геннадий Павлюкни меҳмонхонанинг олтинчи қаватидан улоқтирилган.

Дарҳол касалхонага етказилган журналист ўз ҳушига келмасдан, яна 6 кундан сўнг, 2008 йилнинг 22 декабр куни вафот этган.

Олмоти шаҳар маҳкамаси журналист Геннадий Павлюкни ўлимида Қирғизистон махсус хизмати ходимлари қўли борлигини маълум қилганди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.