Москвадаги ўзбек-қирғиз муштлашуви Ўш фожеаси акс-садосими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Муҳожирлар ўртасидаги муштлашув Москва Жоме масжиди яқинида юз берган

Москва Жоме масжиди яқинида ўнлаб қирғиз ва ўзбек ёшлари ўртасида муштлашув келиб чиқиб, натижада икки киши ярадор бўлган, 80га яқин муҳожирни полиция ушлаб, бир неча соат тутиб турган.

"Бир қирғиз пичоқ еган, бошқаси тошбўрон қилинган" - дейди воқеани ўрганган Москвадаги фаол Баҳром Ҳамроев - "Пичоқланган қирғиз йигитни бориб кўрдим, бир неча кунда касалхонадан чиқарилса керак".

"Тинчлик шоҳбекатида сим-карточка сотадиган бир ўзбек ва қирғиз тортишиб қолишган" - дейди фаол - "Кейин Қозон вокзалидаги ўнлаб ўзбеклар сумкаларда тош тўплаб келиб, қирғизларни тошбўрон қилишган".

Ўш воқеаларидан кейин муҳожир ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида бир неча бор кичик тортишувлар юз бергани айтилади. Аммо 20 майдаги ушбу ҳодисада ўнлаб муҳожирлар қатнашишган.

Россиялик таҳлилчилар мазкур муштлашувни 2010 йил июнидаги Ўш зўравонлиги акс-садоси сифатида талқин этишмоқда.

Аммо кўплаб муҳожирлар бу фикрларни рад этишади.

"Мен қирғизлар билан гаплашдим, улар икки биродар халқ ўртасида юз берган хунук ҳодисадан жуда қайғуда" - дейди Баҳром Ҳамроев - "Бу олишганлар аслида барча муҳожирларни намоён қилишолмайди".

Дарҳақиқат, Марказий Осиё давлатлари орасидаги муносабатлар совуқлиги ва миллий низоларга қарамасдан, Россияда ишлаётган миллионлаб ўзбек, қирғиз ва тожиклар ўртасидаги алоқалар яхши. Айниқса, тақводор муҳожирлар дўстона муносабатдалар.

Улар бир масжидда намоз ўқишади, бирга ишлашади ва имкони бўлганида, бир-бирларига иш топиб, ёрдам беришади.

Лекин Ўш ва Жалолободда юз берган зўравонликлар ортидан бир мунча муддат қўшни мамлакатларда ишлайдиган қирғизлар ва ўзбеклар орасидаги алоқаларга совуқчилик тушган, деган хабарлар ҳам ўртага чиққанди.

"Ўш воқеалари пайти ҳам Россиядаги ўзбеклар ё қирғизлар бир-бирларига зарар етказишмаган, ҳужумлар қилишмаган" - дейди Москвадаги ўзбекистонлик фаол - "Орада бироз кайфиятлар бузилди, лекин муносабатларга дарз кетган демаган бўлурдим".