Қирғизистон: Ишсизлик ортиши ортидан меҳнат муҳожирлигига кетаётганлар сони ўсмоқда

Охирги йилларда Қирғизистонда ишсизлар сони ортиши ортидан, минглаб одамлар хорижга излаб кетишмоқда.

Меҳнат муҳожирлари ўз оилаларини таъминлаш билан бирга мамлакат иқтисодини ҳам қўллаб-қувватлаётганлари айтилади.

Расмий ва норасмий манбаларига кўра, давлат аҳолисининг бир миллионга яқини асосан Россия ва Қозоғистонда ишлашади.

Қирғизистоннинг бир йиллик бюджети тахминан бир миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Ҳисоб-китобларга кўра, меҳнат муҳожирлари ватанларига ҳар йили қарийб шу миқдорда пул жўнатишади.

...узоқдаги қуйруқ яхшими?

Қирғизистон пойтахти Бишкек темир йўл вокзали ҳар куни минглаб қирғизистонликларни меҳнат муҳожирлигига кузатиб қолади. Бу ерда мен учрашган Жайлообек Абдурашитов тўнғич фарзандини Россияга кузатаётган экан.

Суҳбатдошимга кўра, одамлар мамлакат ичкарисидан эмас, кўпинча ташқаридан келаётган пулларга кўз тикишади.

Яна бир суҳбатдошим Атиргул Момохонова ўз яқинлари оилаларига ҳар ой 400 Америка доллари миқдорида маблағ жўнатишларини айтади.

Атиргулнинг айтишича, айниқса, ёшлар мамлакат ичкарисида ишлаб топадиган пуллари ўзларининг кундалик эҳтиёжларини ҳам қопламайди.

Меҳнат муҳожирлари бўйича мутахассис Адилет Бейшеналиевга кўра, меҳнат муҳожирларининг ҳар йили Қирғизистонга почта ва бошқа пул ўтказиш тизимлари орқали жўнатадиган маблағ миқдори тахминан 1 миллиард Америка долларини ташкил қилади.

Аммо, улар пул етказишнинг норасмий йўлларидан ҳам фойдаланадилар.

Ўш шаҳрида фаолият қилувчи нодавлат ташкилоти раҳбари Ҳафиза Маҳмудованинг айтишича, жанубий минтақаларда аҳоли зич жойлашгани боис бу ерлардан меҳнат муҳожирлигига кетадиганлар сони ҳам катта.

Мазкур ҳудудларда иш билан таъминланганлар асосан шифокорлар ва ўқитувчилардир.

Суҳбатдошимга кўра, меҳнат муҳожирларининг сони ортишига 2010 йил июнда юз берган қонли низолар ҳам сабаб бўлган.

"Албатта, ўша воқеалар юз беришидан олдин минглаб тадбиркорлар фақат ўзларини эмас, балки бошқаларни ҳам иш билан таъминлашарди. Кўплаб корхоналар, дўконлар ва кийим тикадиган цехлар ишларди. Ўшаларнинг ҳаммаси 2010 йилнинг июн воқеалари пайти куйиб, вайрон бўлган. Бирданига мол-мулксиз қолган минглаб одамлар Россия, Қозоғистон ва бошқа чет мамлакатларга бош олиб кетишган", дейди у.