'Азимжон Асқаров жиноят иши қайта кўриб чиқилиши керак'

Қирғизистондаги қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Азимжон Асқаровнинг яқинлари ушбу иш бўйича янги далил ва гувоҳлар топилганлигини айтиб мамлакат олий судидан ишни қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқдалар.

Қирғизистондаги инсон ҳақлари фаоллари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Маҳкумлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Демократия жамғармаси ҳамда Азимжон Асқаров рафиқаси баёнот эълон қилганлар, бу баёнотда Азимжон Асқаров ишига тааллуқли янги далил ва гувоҳликлар қўлга киритилганини маълум қилганлар.

Қирғизистондаги "Фуқаролар коррупцияга қарши" ноҳукумат ташкилоти адвокати Кайрат Загибаев 2010 йил 12-13 июн кунлари рўй берган ҳодисалар бўйича ўз текширувини ўтказган ва Азимжон Асқаров айбдор деб топилган милиционер ўлдирилган пайтда ўз уйида бўлганини нотариал идора тасдиқлаган гувоҳликларни қўлга киритган.

160 тача инсон Азимжон Асқаровнинг милиционер ўлимига алоқаси йўқлигини тасдиқловчи гувоҳлик берганлар.

Ўзи истиқомат қилган Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманидаги "Воздух" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Азимжон Асқаров 2010 йилнинг 13 июн куни ҳибсга олинган, бу пайтда у Ўш шаҳридан кейин Жалолобод вилоятида бошланаётган ҳужумларни видео, фото ва аудио ҳужжатлаштириш билан банд бўлган.

Азимжон Асқаров ва яна тўққиз киши Бозорқўрғон туман милицияси ходимини ўлдириш ва миллатлараро низо қўзғаш, Жалолобод вилоятида оммавий тартибсизликларни келтириб чиқаришда айбланганлар.

Нафақат Азимжон Асқаров, унинг ҳимоячиси ҳам маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг таҳдидларига дуч келдилар, Азимжон Асқаровнинг дастлабки тергов ва маҳкама жараёни пайтида қийноқларга тутилгани, калтаклангани ҳақида хабар тарқатган унинг адвокатига пўписалар бўлди.

Ҳам вилоят маҳкамаси ва ҳам Қирғизистон Олий маҳкамасида ушбу жиноят иши кўриб чиқилганда айбланаётганларнинг қийноқларга тутилгани ҳақидаги кўрсатмалари инобатга олинмади.

У айбланган ҳодиса вақтида у ўз уйида бўлганлиги ҳақида гувоҳлик берувчилар маҳкамага таклиф қилинмаган.

"Қораловчи томон эса милиция ходимларини гувоҳликка чақириб, уларнинг ҳаммаси Асқаровнинг қотилликда қўли борлиги ҳақида гувоҳлик беришганди. Шунинг учун у адолатли маҳкамадан маҳрум этилганди. Тергов бошида эса уни ҳатто ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан ҳам маҳрум қилиганди, уни бошқа айбланувчилар билан бирга ташқи дунёдан ихоталаб олиб, қийноққа тутишган", деди "Фуқаролар коррупцияга қарши" маркази раҳбари Толекан Исмоилова.

Исмоилова хонимнинг айтишича, жиноят ишининг қайта кўриб чиқилишини сўраб мурожаат қилган фаоллар учун маҳкама жараёни ва қарорининг холис бўлишини таъминловчи, Конституция томонидан қайд қилинган процессуал жараёнларни йўлга қўйиш муҳим.

"Маҳкама жараён қатнашчиларининг ҳаммасига баробар қараши керак. Агарда бу нарсаларга эриша олсак, бу инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳақида гапираётган жорий Қирғизистон ҳукумати манфаатлари ва ҳуқуқ фаоллари манфаатига мос бўлади. Умумбашарий қадриятлар тарафдори бўлган ҳамма учун муҳим бўлади. Азимжон Асқаровнинг ишида адолатга эришилса, қонун устуворлиги ва адолатга эришмоқчи бўлган бошқа кўплар учун асос топилади", дейди Толекан Исмоилова.

Бу мавзуда батафсилроқ