Президент Каримов Президент Раҳмонни ағдармоқчими?

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Кузатувчилар фикрича, икки мамлакат муносабатлари икки раҳбар ўртасидаги шахсий муносабатларга боғлиқ.

Қатор хорижий таҳлилий Интернет сайтлар Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларига бағишланган мақолалар эълон қилганлар, уларда икки қўшни мамлакат муносабатлари тобора ёмонлашаётгани муҳокама мавзусига айланган.

Америка Қўшма Штатларидаги манбаларга кўра, Ўзбекистон Россиянинг Тожикистон билан музокара олиб бориш ҳақидаги таклифини рад этган.

Eurasia.net нашрида чоп этилган мақолада ёзилишича, ҳозирда Тошкент Душанбега босимни янада кучайтириш ва ҳатто, автомобил йўлини ёпиб қўйиши мумкинлигидан хавотирлар ортган.

Мақола муаллифи АҚШ армияси ҳарбий коллежи профессори Стивен Бланкка кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги "совуқ уруш" ҳар икки давлатнинг манфаатларига зид ва Американинг минтақадаги режаларига путур етказади.

Професссор Бланк икки мамлакат ўртасидаги ёмон муносабат наркосавдогарлар ва исломий жангариларга қўл келишини эслатган.

"Ҳатто айримлар Ўзбекистон Президенти Каримов Имомали Раҳмонни ағдармоқчи бўлаяпти, иқтисодий инқирозни келтириб чиқариб Тожикистонда фуқаролар урушини яна янгиламоқчи бўлаяпти деб тахмин қиладилар ҳам", деб ёзган АҚШ армияси ҳарбий коллежи профессори.

Айни пайтда нашрлар Foreign Policy журналидаги Халқаро Инқироз гуруҳи раҳбари Луиз Арбурнинг 2012 йилда воқеалар қандай ривожланиши мумкинлиги ҳақидаги мақоласини тилга олганлар, унда Арбур хоним Тожикистонда беқарорлик юзага келишининг ички ва ташқи омиллари мавжудлигини айтган.

"Бошқа муаммоларга қўшимча бу мамлакатнинг қўшниси Ўзбекистон билан муносабатлари энг паст даражада: сув ресурслари устидан анчадан бунё давом этиб келаётган можаро ҳал этилиши томон бир қадам ҳам силжимади, ўлим ҳолатлари билан тугаётган чегарадаги ҳар-ҳар замонда юз бериб турган ҳодисалар янада катта зўравонликка айланиш хавфи бор", деб ёзган Халқаро Инқироз гуруҳи таҳлилчиси.

Би-би-си Тожикистон президентининг собиқ маслаҳатчиси, ҳозирда Президент Имомали Раҳмон партиясидан депутат Суҳроб Шарипов билан боғланиб, Ўзбекистон Россиянинг воситачилик таклифини рад этгани тўғрими, деб сўради.

"Ўзбекистоннинг бу каби масалалардаги сиёсий мавқейи аниқ. У ҳам бўлса, икки томонлама муносабатларда учинчи томонга ўрин йўқ, деган мавқеъ. Менда Ўзбекистон жаноб Лавровнинг воситачилик ташабусини рад қилганига доир ахборот йўқ. Аммо шундай бўлса, ажабланмаган бўлардим. Ўзбекистон ҳали-ҳозиргача биронта ҳам давлатнинг у ёки бу масалада воситачилик қилишига йўл қўйган эмас. Албатта, Россия ўз томонидан ниманидир таклиф қилиши мумкин. Аммо мен Ўзбекистон бунга рози бўлади, деб ўйламайман. Бироқ ўзбек-тожик муносабатлари Россияни ҳам, бошқа ҳамкор давлатларни ҳам безовта қилиши табиий, албатта. Менимча, биз Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги мавжуд муаммоларни ечишнинг фақат икки тарафлама шаклини қидиришимиз керак. Бунинг учун муносабатлардаги қийин, муаммоли босқични босиб ўтиш, менинг назаримда муқаррар ва нормал нарса. Мен бундан фожиа ясамаган бўлардим. Ҳа, Ўзбекистон томонидан маълум таъсир кўрсатиш воситалари ишга солинаяпти. Аммо бу ҳам Ўзбекистоннинг ҳаққи. Бизнинг ҳаққимиз эса муқобил йўлларни қидириш ёки вазиятнинг кескинлашиб кетишига йўл қўймаслик, деб ўйлайман", деди тожикистонлик сиёсий таҳлилчи.

Ўзбекистон Тожикистонга автомобил йўлини ёпиб қўйиши мумкинми, деган саволга Суҳроб Шарипов, "воқеаларнинг бундай ривожланишини ҳеч ким истамаган бўларди", дейди.

"Аммо ҳали айтганимдай, бу мустақил давлат -Ўзбекистоннинг сиёсий иродаси ва танлови. Биз нима ҳам қила олардик? Биз фақат музокаралар даврасига ўтириб, муаммога бошқачароқ ечим топишни таклиф қила оламиз, холос. Аммо агар Ўзбекистон Тожикистонга автомобил йўлини ҳам тўсиб қўйса, бу нафақат икки давлат, балки биринчи навбатда, оддий одамларнинг ҳаётини қийинлаштиради", деди Суҳроб Шарипов.

Би-би-си Суҳроб Шариповдан айрим таҳлилчиларнинг Президент Каримов Тожикистонда ижтимоий норозиликлар келтириб чиқариш орқали Президент Раҳмонни ҳокимиятдан ағдармоқчи, деган фаразларига муносабатини сўради.

Бу каби фараз қисман Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси тарқатган баёнотда ҳам айтилган эди.

"Бу ҳар доимгидек, россиялик таҳлилчиларнинг муаммога жўн қарашлари. Улар бунга жуда ҳам юзаки ёндошишади. Гап шундаки, Роғун лойиҳаси Раҳмоннинг лойиҳаси эмас. Ҳокимиятга ким келишидан қатъи назар, Роғун ва бошқа ГЭСларни қуради. Раҳмонни ағдариб, нимага ҳам эришиш мумкин? Унинг ўрнига келган одам бу лойиҳаларга янада қаттиқроқ киришади. Чунки Тожикистоннинг оёқда қолиши ана шу лойиҳаларга боғлиқ. Кимки уни амалга оширса, ҳокимиятда қолади, ундан воз кечса, бундай сиёсатчининг куни ҳам битди, дегани. Биз ўз вақтида Россияга ҳам, Ўзбекистонга ҳам консорциумга кириш, Роғунда ўз пайига эга бўлишни таклиф қилдик. Аммо бу ҳам рад этилди. Ҳозирда Тожикистоннинг олдида битта йўл қолди. У ҳам бўлса, Роғунни қуриб, битказиб, кейин музокара олиб бориш. Ўшанда музокараларнинг даражаси ҳам, натижаси ҳам бошқача бўлади, деб ўйлайман", деди Суҳроб Шарипов.

Бу мавзуда батафсилроқ