'Ўн тўрт қозоқ чегарачисини ўлдириш террор амали бўлган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Президент Назарбоев 14 нафар қозоқ чегарачисининг ўлдирилишини террор амали, деб атади

"Балки бу ички низо оқибатида юз бергандир. Шу боис аниқ бир гап айтишга эрта" - деган Остонада хавфсизлик масъуллари билан учрашувда гапирган Президент Назарбоев -"Аммо ишончим комилки, бу террор амали бўлган".

Пайшанба куни ўт қўйилган чегара маскани биносида 13 кишининг куйган жасади топилган эди. Кейинроқ яна иккита жасад топилгани айтилди.

Хитой ва Қозоғистон ўртасидаги тоғли чегара масканида 14 нафар қозоқ чегарачиси ва бир ўрмончининг ўлдирилиши борасида ҳамон кўплаб саволлар жавобсиз қолмоқда.

Расмийларга кўра, қурбонларнинг биттаси маҳаллий ўрмончи, қолганлари эса қозоқ чегарачилари бўлган.

Аммо бу одамлар қандай ўлдирилган ва қотиллар ким, деган саволлар очиқ қолмоқда.

Улар аввал ўлдирилиб, кейин жасадларга ўт қўйилганми ёки қурбонлар ёнғин оқибатида оламдан ўтишганми - номаълум. Расмийлар бу борада ҳали текширишлар кетаётганини таъкидлашади.

Лекин Қозоғистон президентининг сўнгги гапларига қараганда, мазкур ҳодиса тасодифий ёнғин эмас, айнан қасддан амалга оширилган қотиллик сифатида кўрилмоқда.

Қозоғистон Марказий Осиёнинг энг барқарор мамлакатларидан саналади. Лекин бу мамлакатда жиноий тўдалар фаоллиги ҳақида ҳам турли фикрлар бор.

Ўтган йили Қозоғистонда қатор зўравонлик ҳоллари рўй берган ва мамлакат расмийлари бу ишларда исломий жангариларни айблашганди.