Жанаўзен маҳкамаси: ҳакам ҳукмни охиригача ўқиб тугатолмади

Фото муаллифлик ҳуқуқи lada.kz
Image caption Суд залида ғазаб ортганидан ҳакам Аралбой Нағашибаев ҳукмни охиригача ўқий олмади.

Ақтау шаҳрида бўлиб ўтаётган маҳкамада Жанаўзен тартибсизликлари бўйича қарор эълон қилинган.

37 айбланувчининг 16 таси шартли жазо олди, 3 нафар судланувчи айбдор эмас деб топилди, 5 судланувчи амнистия қарори билан озодликка чиқди.

Айбланувчиларнинг 12 нафарига ҳакам 3 йилдан 7 йилгача қамоқ жазоси берди.

Ҳакам Аралбай Нағашибаев ҳукмномани охиригача ўқиб бера олмаган.

Суд залидан отилган турли предметлар ҳакамни жараённи тарк этишга мажбур қилган.

Қарор ўқиб берилиши ортидан олинган видеода кўп сонда йиғилган полиция ходимлари маҳкама залидаги судланувчиларнинг жунбушга келган яқинларини куч билан ташқарига сиқиб чиқаргани акс этган. Ҳакам қарорни охиригача ўқиб бера олмаган.

37 судланувчининг 24 нафари суд залидан озодликка чиқиши кутилмоқда. Уларнинг бир қисми шартли жазо олган бўлса, 3 нафари айбдор эмас деб топилди ва беш киши амнистияга қилингани сабаб озодликдан маҳрум қилинмайди. 12 айбланувчи 3 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилинди.

Нефтчиларнинг 7 ойлик намойиши давомида фаол бўлган Рўза Тулетаева 7 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Икки ойдан кўпроқ вақт давом этган маҳкама қарорини ўқиб эшиттириш арафасида суд зали айбланувчиларнинг яқинлари ва журналистлар билан тўлган ва сиғмай қолганлар ташқарида қолиб кетган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи lada.kz
Image caption 37 айбланувчиларнинг айримларига 3 йилдан 7 йилгача қамоқ жазолари белгиланди.

Маҳкама жараёнини яқиндан кузатган “Жанаўзен 2011” қўмитаси аъзоси Ерлан Калиевнинг Би-би-сига айтишича, ҳакам Аралбай Нағашибаев кимнинг неча йилга қамалганини эълон қилишни бошлаши билан залда шовқин кўтарилган, айбланувчиларнинг ҳукмдан норози бўлган яқинлари ҳакамга қарата турли нарсаларни улоқтира бошлаган. Натижада ҳакам ҳукмномани охиригача ўқиб бера олмаган ва зални ташлаб чиқишга мажбур бўлган.

Ерлан Калиевга кўра, маҳкама залида умумий бир кайфият ҳукм сурган, ҳаттоки айбдор эмас деб топилган айланувчиларнинг яқинлари ҳам жараёндан норози бўлганини яширмаган.

"Мен билан суҳбатда айбдор эмас деб топилганларнинг ота оналари уларнинг фарзандини нима учун 7 ой олиб ўтиришганини тушуна олмаганини айтишди. Уларга кўра бу айрим судланувчиларни яхши кўрсатиб, қолганларни қамаш учун ҳукумат томонидан ўйлаб топилган сценарий бўлган бўлиши мумкин", - дейди Ерлан Калиев.

Ҳукуматдаги "Нур Отан" партиясининг расмийлари суд жараёни умумий ҳисобда адолатли ўтганини билдирган.

Ўтган йилнинг 16 декабр куни Қозоғистон ғарбидаги Жанаўзен шаҳри ва Шетпе посёлкасида оммавий тартибсизлклар келиб чиққан эди.

Нефтчиларнинг 7 ой давомида адолатли талаб қилиб шаҳарнинг марказий майдонида намойиш қилиб туриши мустақилликнинг 20 йиллиги нишонланаётган кунда оммавий тартибсизликка айланиб кетган эди.

Тартибсизликлар давомида 17 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ фуқаро жароҳат олган.

5 нафар полиция ходими хизмат ваколатини суистеъмол қилиш айби билан турли йилларга озодликдан маҳрум қилинди.

Бу мавзуда батафсилроқ