'Каримов Хитой-Ўзбекистон алоқаларини янада жонлантирмоқчи'

Хитой элчисининг айтишича, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Пекинга сафари ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг саммитидаги иштироки икки давлат ўртасидаги прагматик ҳамкорликка янги куч бахшида этади.

Президент Ислом Каримов 5-6 июн кунлари расмий ташриф билан Хитой Халқ Республикасида бўлади.

Бу - Ўзбекистон раҳбарининг 2001 йил апрел ойидан буён Хитойга қилаётган олтинчи сафари бўлади.

Ўзбекистон томонининг расмий ҳисоб-китобларига қаралса, ўтган йили Хитой билан икки томонлама савдо айланмаси 2.6 миллиард АҚШ долларига етган.

2011 йил якунига келиб эса, Хитой томонининг Ўзбекистонга киритган сармояси 4 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.

Хитой Ўзбекистоннинг энергия, телекоммуникация, бензин-кимё, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва молия секторларига ётирим киритиб келади.

Ўзбекистон билан энергия соҳасида ҳамкорликни кучайтириш истагини очиқча баён қилиб келади.

Хитой Ўзбекистоннинг учинчи йирик савдо ҳамкори ва хорижий сармоядори саналади. Ўзбекистон пахтасининг асосий харидори ҳисобланади.

Ўзбекистонга телекоммуникация жиҳозлари сотишда ҳам пешқадам давлатлардан бири саналади.

Ислом Каримовнинг Пекинга расмий ташрифидан сўнг 6-7 июн кунлари Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги саммитида иштирок этиши кутилмоқда.

Ҳамкорлик

Икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар 20 йил муқаддам ўрнатилган.

Икковлон орасидаги ҳарбий ҳамкорлик эса, 90-йиллар охирларида кучайган.

Бундан бир неча йил бурун Тошкент ва Сурхандарё вилоятларига Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангарилари сизиб кириши ортидан Хитой Ўзбекистонга ҳарбий жиҳозлар етказиб берганди.

Ўз навбатида Ўзбекистон Хитойга қидирувда бўлган уйғур фаолларини тутиш ва депортация қилишда кўмак бериб келади.

Шу йил апрел ойида эса, Хитой юқори мартабали ҳарбий мулозими мамлакати Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорликни янада кучайтиришдан манфаатдор эканини ҳам баён қилганди.

Ўзбекистон томони Хитойни Марказий Осиёдаги "ишончли дўсти ва садоқатли шериги", деб билади.

Президент Каримов ўтган йил Хитойга қилган сафари чоғида "давлатлар, ҳукуматлар ва идоралараро 25 дан зиёд ҳужжат" имзоланганди.

Расмий хабарларда уларнинг умумий қиймати 5 миллиард АҚШ долларидан ошиши айтилганди.

Ташриф якунида Ўзбекистон ва Хитой раҳбарлари икки мамлакат ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида қўшма декларацияни имзолаши кутилмоқда.

Шунингдек, томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, сармояга оид ва бошқа соҳаларда Тошкент ва Пекин ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашни кўзда тутган икки томонлама ҳужжатлар имзолаши ҳам айтилмоқда.

Ўзбекистон раҳбарининг Хитойга сафари Россия президенти Владимир Путиннинг Тошкентга ташрифи ортидан кузатилмоқда.

Расмий хабарлардан аён бўлишича, томонлар ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга оид декларация ва ўзаро тушунишга оид меморандум имзолашган.

Ўз навбатида, Россия президенти ҳам Хитойга уч кунлик сафарини бошлаган.

Россия, Хитой, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон раҳбарлари Пекинда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг саммитини ўтказишади.

Олиймақом йиғин чоғида хорижий қўшинларнинг 2014 йилги сафарбарликлари ортидан Афғонистондаги вазият асосий муҳокама мавзуларидан бири бўлиши кутилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ