10 июн Қирғизистон жанубидаги фожеали ҳодисаларни хотирлаш куни бўлади

10 июнни Қирғизистон президенти 2 йил олдинги қонли ҳодисаларни хотирлаш куни деб эълон қилган, айни пайтда Қирғизистон жанубида икки миллат ўртасидаги муносабатларни ёмонлаштириши мумкин бўлган омиллар муҳокама этилган.

Ҳуқуқ-тартибот органлари кучайтирилган хизмат ҳолатига ўтказилганлар.

Қирғизистон президентининг информацион сиёсат бўлими хабар қилишича, Президент Атамбоев имзо чеккан фармон 10 июн кунини 2010 йилда Ўш ва Жалолобод вилоятларида ва Ўш, Жалолобод вилоятларининг айрим туманларида рўй берган фожеали ҳодисаларни хотирлаш куни деб эълон қилган.

"2010 июнида Ўш, Жалолобод шаҳарларида, Ўш, Жалолобод вилоятларининг айрим туманларида аксилхалқ кучлар миллатлараро тўқнашувларни келтириб чиқардилар, бу Қирғизистон фуқароларининг ўлимига олиб келди", дейилади Президент Атамбоев фармонида.

Қирғизистон президенти Ички ишлар вазирлиги ва Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитасига 2 йил олдин содир этилган жиноятларни фош этиш, жиноятларда айбланган шахсларни қидириш ва топиш ишлари самарадорлигини ошириш буйруғини берган.

Фармонга биноан, 10 июн куни Қирғизистонда 1 дақиқа сукут сақланади.

Этник низоларнинг 2 йиллиги арафасида - 5 июндан бошлаб Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятлари ҳуқуқ-тартибот органлари кучайтирилган хизмат ҳолатларига ўтказилганлар.

Улар зиммасига ҳар қандай иғвогарликлар олдини олиш, жанжал ёки маиший келишмовчиликларга оператив чора кўриш, миллатлараро низо ёки оммавий тартибсизликка йўл қўймаслик вазифалари юклатилган.

Қайғули сана арафасида баъзи ўшликлар хавфсираётганлигини ҳам айтишган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари аҳоли орасида хавсираш мавжудлигини, аҳолидан "ишонч телефонларига" қўнғироқлар кўпайганлигини тан олганлар, бироқ "иғвогарлик ҳаракатлари, вазиятни беқарорлаштиришга интилишлар олдини олиш учун ўзларида куч ва воситалар етарли" эканини айтганлар.

Айни пайтда Ўш жамоатчилиги ўзбек тилида рэп услубида тарқалган қўшиқ ҳам қирғиз ва ўзбеклар ўртасидаги муносабатни таранглаштириши мумкинлигидан хавотир билдирганлар.

"Халқаро тоқатлилик учун" жамғармаси вакиласи Асел Жуматаеванинг айтишича, мобил телефонлар ва диск шаклида бу қўшиқ илк бор бундан бир ярим ой олдин ёшлар орасида тарқалаётгани кузатилган.

"Бу қўшиқ кўча жаргонида айтилган. Унда Ўш ўзбекларга тегишли шаҳар дейилади, бошқа этник гуруҳ иззат-нафсига тегадиган жумлалари бор. Биз бу қўшиқнинг ҳам ўзбек ва ҳам қирғиз ёшлари орасида тарқалаётгани ҳақидаги хабарни олдик. Ҳозир ҳуқуқ-тартибот органлари бу қўшиқ ким томонидан тарқатилаётганини аниқлаш устида иш олиб бормоқдалар", деб айтди "Халқаро тоқатлилик учун" жамғармасидан Асел Жуматаева.

Миллатлараро низоларнинг 2 йиллиги арафасида Ўшда давра суҳбати уюштирилган, бу давра суҳбатида Қирғизистон жанубида совуқлашган ўзбеклар билан қирғизларнинг ўзаро муносабатларини яхшилашга ҳаракат қилинаётган бир пайтда хориж оммавий ахборот воситалари, айниқса, интернет нашрлар ўз мақолалари билан вазиятни беқарорлаштиришга интилаяптилар, дейилган.

Медиа форум маърузачиларидан бири Ўш шаҳри мэри Мелис Мирзакматов бўлган.

Оммавий ахборот воситаларининг жамият олдидаги жавобгарлиги ҳақида гапирган Ўш шаҳри мэри Мирзакматов, баъзи журналистлар нотўғри ахборот тарқатаяптилар, деган, журналистларни беқарорликка сабаб бўлиши мумкин бўлган ахборот тарқатмасликка чақирган.

Бу мавзуда батафсилроқ