'Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти Афғонистондаги роли ортишини истайди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти саммитининг биринчи кунида аъзо мамлакатлар президентлари тор доирада учрашганлар, асосий эътибор иқтисодий масалаларга қаратилгани хабар қилинган.

Пекинда қўшма баёнот имзоланган.

Шанхай ташкилоти саммитининг иккинчи кунида нотинч Афғонистондаги вазият, у ердан хорижий қўшинлар чиқиб кетганидан кейин қандай йўл тутиш масаласи асосий муҳокама мавзуси бўлиши кутилмоқда.

6 июн куни Хитойнинг асосий рўзномаларидан бири билан суҳбатида Президент Ху Жинтао Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти Афғонистонда каттароқ рол ўйнашни истайди, деб айтган.

Пекинда Россия Президенти Владимир Путин ва Хитой Президенти Ху Жинтао Шанхай ташкилоти ҳамма давлатлар учун очиқ ташкилот деб айтганлар.

Ташкилотга аъзо бўлиб кирмоқчи бўлган мамлакатларни қабул қилиш жараёнини тезлаштириш лозимлиги таъкидланган.

Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига Афғонистонни кузатувчи сифатида қабул қилиш масаласининг 7 июндаги президентлар иштирокидаги кенгайтирилган мажлисда кўриб чиқилиши хабар қилинган.

Пекинга Шанхай ташкилотининг тўла аъзолари - Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарларидан ташқари Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадинежод, Ҳиндистон, Покистон, Мўғулистон раҳбарлари етиб борганлар.

Афғонистон Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг уч аъзоси Афғонистон билан бевосита чегараларга эга мамлакатлар раҳбарлари Афғонистондан халқаро коалиция қўшинларининг чиқиб кетиши бу мамлакатдаги хавфсизлик, гиёҳванд моддаларни ноқонуний олиб ўтиш билан боғлиқ вазиятни ёмонлаштириши мумкинлигидан аллақачон хавотир билдирганлар.

Ўзининг Хитой рўзномасига интервьюсида Президент Ху Жинтао Шанхай ташкилоти қай йўсинда Афғонистондаги ролини ошириши мумкинлигини очиқламаган, бироқ Хитой ва Россия расмийлари Шанхай ташкилоти Афғонистонга қўшин юбориш истагида эмаслигини билдиришган.

Шанхай ташкилоти Афғонистондаги тинч мақсаддаги қайта тиклаш ишларига кўпроқ бош қўшмоқчи эканлиги айтилган, бунда Хитойнинг Афғонистонга сармоялари янада кўпайиши кутилади.

Ҳозирнинг ўзида Хитой қатор кончилик соҳаларига, қурилиш лойиҳаларига йирик ётирим киритган.

Пекинда гапирган Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай Хитой билан стратегик шерикликка оид шартнома имзоламоқчи эканларини маълум қилган.

Бу мавзуда батафсилроқ