Текширув бошланди: ‘Манас’ учун АҚШ ва Россия пора берганми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption "Манас" аэропортидан фойдаланиш учун АҚШ тўлайдиган ижара ҳақи илгари ҳам турли фикрларга сабаб бўлган

Қирғизистон Бош прокуратураси Россия ва АҚШ “Манас” ҳаво базасидан фойдаланиш учун пора таклиф қилган-қилмаганлигини ўрганиш учун терговолди текширув ишларини бошлаган.

Яқинда АҚШнинг Россиядаги элчиси Майкл Макфол Иқтисодиёт Олий мактаби талабалари қаршисида қилган чиқишида 2009 йилда ўз қуролли кучларини базада жойлаштириш учун Россия ҳам ўз мамлакати қатори Қирғизистон собиқ Президенти Қурмонбек Бакиевга пора таклиф этганлигини баён қилганди.

АҚШ элчиси, ўз ўрнида, Россия томони таклиф этган пора миқдори ўзлариникидан ўнлаб баробар юқори эканини ҳам иддао қилганди.

Майкл Макфолнинг сўзлари Россия Ташқи ишлар вазирлигининг тушунмовчилиги ва норозилигига сабаб бўлганди.

Вазирлик АҚШ элчисининг бу қабила чиқиши дипломатик одоб-ахлоқ қоидаларига зид эканини айтганди.

АҚШ Давлат Департаменти вакили Виктория Нуланд эса, ўз элчиларининг сўзлари россиялик мулозимлар томонидан янглиш талқин этилгани мазмунида жавоб қайтарганди.

Энди Қирғизистон Бош прокурори муовини Нурланбек Жээналиевнинг билдиришича, бу хусусда аллақачон терговолди текширув жараёнларини бошлаб юборишган.

АҚШ элчисининг чиқиши акс этган барча хабарларни синчиклаб ўрганишга киришишган.

Унинг сўзларига кўра, бундан ташқари, порага оид иддаоларини исботлаши мумкин бўлган конкрет фактлари борми-йўқлигини сўраб, жаноб Макфолга расман мурожаат ҳам этишмоқчи.

“Биз АҚШ элчисига мактуб йўллаб, ўз сўровимизга қисқа муддатда ва ёзма равишда жавоб беришини сўрамоқчимиз. Ҳали бутун бу жараённи дипломатлар билан муҳокама этиб олишимиз лозим бўлади. Аммо, катта эҳтимол билан, бу ишни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги орқали амалга оширсак керак”, деб айтган жаноб Жээналиев.

Наркотиклар бор-йўқлиги ҳам текширилсин

Ўз навбатида, қирғизистонлик масъуллар жорий пайтда АҚШ фойдаланиб келаётган “Манас” ҳаво базасидан ўтувчи юкларни текшириш таклифи билан ҳам чиқишган.

Қирғизистон Гиёҳванд моддаларни назорат этиш хизмати раҳбари Виталий Орозалиевнинг айтишича, ҳаво базасидан Афғонистондан бангивор моддалар олиб ўтишда фойдаланилаётганига оид айрим хабарлар бунга сабаб бўлган.

АҚШ ва Қирғизистон ўртасида имзоланган шартнома эса, буни кўзда тутмайди.

Шу боис ҳам, жорий паллада бу режанинг амалга ошиши эҳтимолда йироқ.

Аммо жаноб Орозалиевга кўра, “Бу хусусда россия ва америкалик ҳамкасблари билан музокараларини бошлаб юборишган”.

Унинг айтишича, “Ҳаво базасидан ўтаётган юкларни текшириш таклифини илгари суриш ўринлидир”.

АҚШ томони Бишкек аэропортида жойлашган базадан 2001 йилдан бошлаб Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари учун муҳим транзит маркази сифатида фойдаланиб келади.

Қирғизистон томони базани 2009 йилда ёпишга қарор қилган, аммо сўнгроқ АҚШ билан бу хусусдаги шартномасини яна беш йилга узайтиришга қарор қилганди.

АҚШ жорий пайтда “Манас”дан Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари буткул якун топгунча фойдаланиш масаласида музокаралар олиб бормоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ