Аёл қачон ўзига ўт қўяди?

Image caption Тадқиқот натижалари тожик аёлларининг ярмидан кўпроғи изчил равишда маиший зўравонликка дучор бўлишини кўрсатган.

Аён бўлишича, Тожикистонда йилига юзлаб аёллар ўзларини ўлдиришга уринишади. Ўз жонига қасд қилиш ҳолларининг асосий сабаблари эса, оилавий можаролар ва маиший зўравонлик экан.

Душанбедан мухбиримиз Анора Саркорованинг хабар беришича, худкушликка қасд қилган аёлни на-да ўлим, на-да диний тақиқлар ва на-да болаларининг келажагидан хавотир ортга қайтара олади.

“Аёллар ўзларини осиш, сувга чўктириш ёки ўт қўйиш билан ҳаётларига нуқта қўйишга уринишади,” дейди мухбиримиз.

Омон қолган аёллар аксариятининг иқрорларига қаралса, уйдагиларини қўрқитиб қўйиш ёки эри ва унинг яқинлари муносабатларини ўзгартириш учун бу ишга қўл уришган.

Аёллар орасидаги худкушлик даражаси масъулларни ҳам хавотирга солмай қўймаган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, ўтган йили мамлакатда 227 та аёл ўзини ўлдиришга уринган.

Шу йилнинг дастлабки уч ойида эса, бу рақам олтмиштадан ҳам ошиб кетган.

Жанжал қизиғида

23 ёшли Гулсифат Зарипова эри билан уришиб қолиб, ўтган йили ўзига ўт қўйган.

Қарийб бир йилдирки, пойтахт Душанбедаги Куйиш жароҳатлари марказида даволанади.

Солярка сепиб, ўзини ёқиб юборган пайтда терисининг 80 фоиздан ортиқроғи куйган.

“Эримнинг оиласи ўзига тўқ эди. Мен эса, ночор оиладан чиққанман. Эрим ҳар доим шуни юзимга солар, ҳар қандай баҳона билан калтаклашга уринарди. Пиширган овқатим ёқмаса ҳам урарди, қайнонам қилган ишимдан гап топса ҳам калтакларди. Охири чидолмадим. Омборхонага кириб, устимдан солярка қуйдим. Ўзимга олов бериб, кўчага югурдим. Эрим кўриб қўйсин, дедим. Чекаётган азобларимга биратўласига чек қўймоқчи бўлдим. Ҳаётимдан шунчалик тўйиб кетганимдан, ҳатто, оғриқни ҳам ўйламабман”, дейди Гулсифат.

Шифокорлар нафақат Гулсифат, унинг ҳомиласини ҳам қутқариб қолишга муваффақ бўлишади.

Аммо, шифокорларга кўра, қўли ва оёқлари қаттиқ куйгани боис, Гулсифат бир умрга майиб бўлиб қолиши мумкин.

Бу эса, унинг доимо бировнинг ёрдамига муҳтож бўлиб яшашини англатади.

Устига устак, куйган юзини тиклаш учун бир нечта жарроҳлик амалиёти лозим бўлади.

Аммо оиласи қашшоқ экани боис, бу каби серхаражат амалиётларга пули йўқ.

“Отам мактабни тугатишимизга ҳам изн бермаганлар. Туманимиздаги аксарият қизлар ҳам ўқишмайди. Иккита катта опам ҳали турмуш қуришмаган. Қишлоқда кўпчилик шуни юзимизга соларди. Шу сабабдан ҳам, ота-онамникига қайтиб боришдан қўрқардим, эримнинг муносабати яхшиланиб қолар деб, калтаклар ва ҳақоратларга чидаб яшардим”, дейди Гулсифат.

Тожикистоннинг қишлоқ ҳудудларида худкушлик – оилавий жанжаллардан қутилишнинг яна бир воситасига айланиб бормоқда.

Мингдан биттаси

Мухбиримизнинг айтишича, Гулсифат ҳодисаси Тожикистонда ягонаси эмас.

Тожикистонда ўқиш, ишлашга рухсат бермай, мажбуран эрга бериб юборилган қизлар озмунча эмас, дейди у.

Турмушлари бузилгандан кейин эса, қўлларида пуллари, бориб яшай дейишса, жойлари бўлмаган аёллар болаларини етаклаб, кўп-да, ота-оналаринкига боришни ўзларига эп билишмайди.

Ёзиш-чизишни ҳаминқадар билган ёш жувонларнинг бирор бир иш топиб кетишлари ҳам қийин бўлади.

Шунинг учун ҳам, ҳаммаси яхши бўлиб кетишига умид қилиб, калтаклар ва таҳқирларга чидаб, яшайверишади.

Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, мавжуд вазиятда жамиятда аёл ва эркакнинг ўрнини қатъий белгилаб берувчи шарқона тарбия ва диний қадриятлар ҳам озмунча роль ўйнамайди.

Ёпди-ёпди

Ҳар йили Душанбедаги Куйиш жароҳатлари марказига ўз жонига қасд қилишга уринган 10-15 нафар аёл келтирилади.

Жиноий жавобгарлик ва одамларнинг гап-сўзларидан қўрқиб, уларнинг оилалари бор ҳақиқатни яширишга уринишади.

Марказдаги аёллардан фақат Гулсифатгина бизга ўз кечмишларини сўзлаб беришга рози бўлди.

Унинг иқрорлари асосида маҳкама ўзини ўлдириш даражасига олиб боргани учун, эрини қамоқ жазосига ҳукм этди.

Маҳаллий фаоллар томонидан олиб борилган тадқиқот натижалари тожик аёлларининг ярмидан кўпроғи изчил равишда маиший зўравонликка дучор бўлишини кўрсатган.

Аммо, масъулларнинг муаммони ечиш йўлидаги саъй-ҳаракатларига қарамай, ушбу рақамлар узоқ йиллардан буён ўзгаришсиз қолмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ