Июн қирғинидан икки йил ўтди, жабрдийдалар ҳаётида нима ўзгарди?

Аксарияти ўзбеклардан иборат юзлаб инсонлар қурбон бўлган Қирғизистон жанубидаги қонли этник низолар арафасида масъуллар минтақадаги вазият назорат остида эканини айтишмоқда.

Аён бўлишича, июн зўравонликларидан энг кўп жабр чеккан Ўш шаҳрида иғвогарлик амалларининг олдини олиш учун, 5 июндан 12 июнгача паспорт тизими жорий этилган.

Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот ходимлари кучайтирилган хизмат вазифасини ўташга киришишган.

Қирғиз расмийлари Ўшда 2010 йил июнидаги каби этник тўқнашувлар такрорланиш хавфи ҳануз сақланиб қолаётганини айтишади.

Ўшлик инсон ҳуқуқлари фаол Иззатулла Раҳматуллаевнинг биз билан суҳбатида айтишича, ҳозир шаҳар осойишта.

Унга кўра, бугун кўчаю бозорлардаги вазият ҳам одатийсидагидан ҳеч фарқ қилмайди.

"Ўзи кўчада бир ойдан бери одам кам. Ёз фасли эмасми, ҳамма ўз иши билан банд. Одамлар орасида безовталик, хавотирланиш йўқ", дейди фаол.

Аммо, Иззатулла Раҳматуллаевнинг айтишича, ўтган куни кечқурун Черёмушки маҳалассида юз берган ҳодиса уларни анча қўрқитган.

"Интернационал кўчасида бир автомобилдан осмонга қарата тўппончадан беш марта ўқ узиб кетишибди. Одамлар ваҳимага тушиб, туни билан ухламай чиқишганини айтишди. Биз эртаси куни юз берган ҳодисани керакли идораларга айтдик. Турли миш-мишлар юрганига қарамай, шаҳарда тинчлик", дейди у.

Фаолга кўра, одамлар кундалик юмушлари, ишлари ва таҳсилларида банд.

"Милиция ходимлари қўриқчилик қилиб, жамоат тартибини сақлаб юришибди. Бирон жанжал, бошқа деган гап йўқ".

Фаол аҳоли июн воқеаларида қурбон бўлган яқинларини хотирлаб, тоат-ибодат қилишга ҳозирлик кўраётган эсалар-да, улар ўша кунларни тезроқ унутсам, деган кайфиятда, дейди:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Жабрдийдаларнинг бугуни

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаолларининг айтишларича, қонли қирғиндан икки йил ўтиб ҳам, аксарият жабрдийда оилалар ҳануз ҳар томонлама ёрдамга муҳтожлар.

Фаолларга кўра, бу каби оилаларнинг тақдирлари фақат қариндош-уруғлари бераётган ёрдамга қараб қолган.

Уларнинг сўзларидан аён бўлишича, бугунги кунда жабрдийда оилаларга на-да давлат ва на-да халқаро ташкилотлар тарафидан ёрдам берадиган одам йўқ.

Фаоллар июн низоларидан зиён кўрган туманлардаги аксарият оилалар ана шундай аҳволдалигини айтишади.

Уларга кўра, минтақада жабрдийда аҳолининг бирор жойда ишлаб, ўз тирикчиликларини ўтказиш имкониятлари ҳам деярли мавжуд эмас.

Қирғизистонлик масъулларга кўра, ўша йил июн ойида мамлакатнинг жанубий минтақаларида кечган миллий зўравонликлар оқибатида ўн минглаб иш ўринлари йўқотилган.

Мамлакат жанубидаги ўзбеклар асосан тижорат билан шуғулланиб келишган. Дўкон, нонвойхона, турли кичик корхоналарни юритиб, шунинг орқасидан даромад қилишган.

Аммо июн ойидаги қонли зўравонликлар чоғида уларнинг аксарияти вайрон этилган ёки ўт қўйилган.

Ўшликлардан бири бугун биз билан суҳбатида ҳаётлари ниҳоятда қийин эканини айтади.

"Нонга пул топсангиз, гўштга етмайди, гўшт емаган одамлар қанча...Бир ерга борсангиз, сиз билан "нормальний" гаплашишмайди. Бир нима қилай десангиз, пул дейди. Кимдадир бор ўша пул, кимдадир йўқ. Ҳаттоки ҳужжатларини қилдиролмай, югуриб юрган одамлар қанча", дейди у.

Миллий низолар чоғида, бундан ташқари, одамларнинг кўплаб турар-жойларига ҳам зиён етган.

Суҳбатдошимизга кўра, ҳалиям уйини солдиролмай, қийналиб юрган одамлар озмунча эмас.

"Ҳукумат солиб бераётган уйларнинг уста ҳақига пул тополмай, қурилиш ишларини тўхтатиб қўяётганлар бор. Томини ёптириб қўйган, қолганига пул йўқ", дейди у.

Унга кўра, ҳозир уйимизни сотиб, кўчиб кетайликмикан, деган даражага бориб қолишган.

"Болаларимизнинг келажагига умид сўниб кетаяпти. Уларни ўқитишимиз керак, бошқа қилишимиз керак. Қирғизистон бу аҳволда турибди, ақлимиз етмай қолаяпти кўп нарсага", дейди суҳбатдошимиз:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Муҳожиратдаги ҳаёт

Маҳаллий қирғизлар ва ўзбеклар орасида келиб чиққан ўша тўқнашувлар сабаб юз минглаб одамлар дарбадарликка юз тутишганди.

Орада кечган вақт давомида қочоқлардан аксарияти ортга, ўз уйларига қайтишган.

Аммо, халқаро ташкилотларнинг ҳисоб-китобларига қаралса, улардан 60.000 га яқини ҳануз Қирғизистон ва дунё бўйлаб дарбадарликда ҳаёт кечиришмоқда.

Қочоқлардан аксариятининг ўзбеклар экани айтилади.

Уларнинг зўравонликлардан қочиб, бош уриб борган жойлари эса, асосан Россия ва Туркия.

Суҳбатдошимиз Фарида ҳам икки йилдан бери Москвада яшайди. Бир зиёли хонадонда уй хизматчиси бўлиб ишлайди.

Унинг айтишича, яқинларию таниш-бишларининг деярли барчаси июн воқеалари сабаб, Ўшни ташлаб чиқишган.

"Ҳамма жигарлар бўлиниб кетганмиз, ҳаммамиз ҳар хил шаҳардамиз", дейди суҳбатдошим.

Фарида пул бериб бўлса ҳам, ўзи Россия фуқаролигини олишга имконли бўлгани, лекин 9 ёшли қизига паспорт олишга қийналаётганини айтади.

"Биласизми, унинг учун уй олишим керак экан. Битта ўзим ишласам, қандай қилиб қурбим етсин. 800 АҚШ долларига тенг ойлик оламан. Бу пул Россия шароитида ҳеч нарсага етмайди", дейди у.

У вақти келиб, она шаҳри - Ўшга бориш нияти борлиги, аммо ҳалиям чўчишини айтади.

"Дилимиз оғриганидан чўчиймиз. Туғилиб, ўсган жойим. Боргим бор. Ҳеч ким туғилиб, ўсган жойини ташлаб келмайди-ку. Россияда ҳам умрбод қолиш ниятим йўқ. Аммо, Худо хоҳлаб, насиб қилса, қизим яхши таҳсил олса, Оврўпо томонларга кетиш ниятим бор", дейди у:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ