'БМТ лозим бўлса, расмий Бишкекка санкциялар киритиши лозим'

Қирғизистон жанубидаги Ўзбек жамоасининг кўзга кўринган лидерлари қонли миллий низоларнинг 2 йиллиги муносабати билан махсус баёнот тарқатиб, ана шундай даъват билан чиқишган.

"Биз миллатчилик асосидаги зўравонликларнинг олдини олиш учун сиёсий ирода йўқлигидан хавотирдамиз. Шунингдек, биз Қирғизистонда ўзбекларнинг хавфсизлиги ва ҳақлари ҳимоя этилишида ҳеч қандай тараққиётга эришилмаганидан ҳам ташвиш билдирамиз", дейилади мурожаатномада.

Янги баёнотга имзо чекканлардан аксарияти ҳозир муҳожиратда истиқомат қилишади ва Қирғизистонда сиртдан узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилишган.

Уларнинг орасида Қирғизистондаги Ўзбек жамоасининг таниқли раҳбарлари Ботиржон Қодиров, Жавлон Мирзахўжаев ва Халил Худойбердиевлар ҳам бор.

Ўзбек жамоаси лидерлари ўз хавотирлари ортидан, Қирғизистон ҳукуматини мамлакат жанубида июн воқеалари юзасидан текширув олиб борган Халқаро мустақил комиссия тавсияларига қулоқ тутишга чақиришган.

Уларга кўра, бу - Қирғизистонда тинчлик ва барқарорликни қарор топтириш, инсон ҳуқуқлари ва хавфсизликни таъминлаш йўлида қўйилган муҳим қадам бўлади.

Ўзбек жамоаси лидерлари "жаҳон ҳамжамияти, халқаро ташкилотлар, шу жумладан, БМТ ва ОХҲТига мурожаат қилиб, Қирғизистон ҳукуматини халқаро ҳужжатлар доирасида ўз зиммасига олган масъулиятларини бажаришга кучлироқ даъват этишга ундашган".

Ўз навбатида, мурожаатномага имзо чекканлар Бирлашган Миллатлар Хавфсизлик Кенгашига ҳам чақириқ билан чиқишган.

"Биз Бирлашган Миллатлар Хавфсизлик Кенгашини халқаро ҳамжамият олдида олган масъулиятларини бундан буёғига ҳам бажармайдиган бўлса, Қирғизистон борасида 2010 йилги июн воқеаларини текширишни Халқаро Жиноят маҳкамасига топшириш ва қирғиз ҳукуматига қарши кескин санкциялар қабул қилинишини кўзда тутувчи резолюция қабул этишга даъват этамиз", дейилади уларнинг баёнотларида.

Халқаро ташкилотларга йўлланган мурожаатномага ўндан ортиқ киши имзо чеккан.

Маҳаллий қирғизлар ва ўзбеклар орасида келиб чиққан ўша тўқнашувлар юзлаб инсонларнинг умрларига зомин бўлганди.

Минглаб уй-жой ва тижоратларга ўт қўйилганди. Юз минглаб одамлар эса, дарбадарликка юз тутишганди.

Халқаро босимлар остида ҳукумат ва Қирғизистоннинг собиқ президенти Роза Ўтинбоева Мустақил Халқаро Комиссиянинг июн зўравонликларини текшириш талабларини қондирди.

Текширув олиб борилди. Аммо 2011 йил май ойида ҳукумат айни текширув натижаларини рад этди.

Комиссия хулосасига кўра, Ўш шаҳрида ўзбекларга қарши инсониятга қарши жиноят таъбирига мос тушадиган жиноятлар содир этилган.

"Амнести Интернейшнл" инсон ҳуқуқларини ҳимоя этувчи халқаро ташкилотнинг куни-кеча эълон қилган ҳисобида айтилишича, ҳозирга қадар ушбу жиноят юзасидан бирорта ҳам жиноий иш очилмаган.

Халқаро ташкилотга кўра, орадан икки йил ўтган бўлса ҳам, ҳуқуқ-тартибот органлари гумондорларни қийноққа солиш ва дўппослаш каби усулларни давомий равишда қўллаб келмоқда.

"Бу каби ҳолатлар эса, кўча-кўйда ҳибсга олишлар, хонадонларда тинтув ўтказиш, ҳибсда тутиб туриш, тергов жараёни ва маҳкамадан аввал ҳибсда сақлашлар давомида рўй бермоқда.

"Жиноятларни текшириш ва тергов қилишда милиция асосан Ўзбек маҳаллалари ва Ўзбекларни нишонга олмоқда. Уларни қотиллик ва оммавий бузғунчилик каби жиноий ишлар очиш билан қўрқитмоқда ва шу йўл билан жабрдийдалардан пул ундиришмоқда", дейилади "Амнести Интернейшнл" ҳисоботида.

Биз Қирғизистондаги ўзбеклар жамоаси раҳбарларидан бири Қодиржон Ботировга боғланиб, бундай хавотирлар билан чиқишларидан мақсад нима бўлганини сўрадик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ