Тожикистонлик еттовлон яна қайтиб пою пиёда Ҳаж сафарини бошлади

Саудия Арабистони визаси олишмагани боис, тожик-афғон чегарасидан қайтарилган етти зиёратчи бир ойлик танаффусдан сўнг, яна Маккаю Мукаррама қайдасан, деб йўлга тушишган.

Уларнинг ҳозир Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига яқинлашиб қолганликлари айтилади.

Барчаси Тожикистоннинг Кулоб шаҳридан бўлган еттовлон Ҳаж сафарини аслида бундан бир ой бурун бошлашганди.

Аммо, Душанбедан мухбиримиз Искандар Фирузнинг айтишича, воқеаларнинг кутилмаган ривожи бўлажак зиёратчилар тожик-афғон чегарасига етиб келган вақтларида юз берган.

Мухбиримизга кўра, тожик чегарачилари чегарани кесиб ўтишдан аввал, Тожикистоннинг ўзидан Саудия Арабистони визасини олишни қатъий маслаҳат бериб, уларни ортга қайтаришган.

Аён бўлишича, чегарачилар зиёратчиларнинг Саудия Арабистони чегарасини кесиб ўтаётган чоғларида бирор бир муаммо келиб чиқмаслиги учун шундай иш тутишган.

Афғонистон ва Эрон визасини олган еттовлон эса, Саудия Арабистони визасини Теҳрондан олишни режалаётган бўлишган.

Мухбиримиз Искандар Фирузнинг айтишича, уларнинг Ҳаж зиёратида ҳам иштирок этишлари боис, виза учун ҳужжатларни тезликда тайёрлашнинг иложи бўлмаган.

Етовлоннинг Саудия Арабистони Ҳаж масалалари бўйича вазирлигига мурожаат этишлари ҳам лозим бўлган.

Аммо, мухбиримизга кўра, Саудия Арабистони визасини ололмаганликлари еттовлонни пою пиёда Ҳаж зиёратига бориш аҳдидан қайтара олмаган.

Улар чегарачиларни визани Эрондан олишларига ишонтириб, чегарани кесиб ўтишган ва ўз сафарларини ва ниҳоят бошлаб юборишган.

"Охирги марта улар билан гаплашишга муваффақ бўлинганида, Афғонистоннинг шимолий туманларидан бирида бир афғоннинг уйида чой ичиб ўтиришган экан", дейди мухбиримиз.

Сафар

Улар Саудия Арабистонига етиб олиш учун қарийб 5.000 чақирим йўл босишлари лозим бўлади.

Тожикистонлик бўлажак ҳожилар ўз йўлларида жанглар кечаётган Афғонистон ва анчайин беқарор Покистон дохил камида тўрт давлатни кесиб ўтишади.

Минтақадаги мухбиримиз Искандар Фирузнинг айтишича, зиёратчилар бу икки давлатдаги вазиятни ҳам инобатга олишган.

Аммо аксарият аҳолиси мусулмон экани боис, эзгу-ниятларидан огоҳ бўлгач, жанг олиб бораётган томонларнинг ўзларига ҳеч бир зиён етказмаслигига умид қилишмоқда, дейди мухбиримиз.

Агар ҳаммаси режага мувофиқ кечса, улар Маккага ўз вақтида, яъни бу йилги Ҳаж маросими бошланажак октябр ойи охирларига қадар етиб олишади.

Гуруҳга бундан бир неча йил бурун Маккани пою пиёда зиёрат қилиб қайтган собиқ спортчи Абдулазиз Ражабов бошчилик қилмоқда.

Пою пиёда

Аён бўлишича, еттовлон, энг аввало, Ҳаж зиёратини пиёда адо этишнинг савоби ўзгача бўлади деб, бу каби ғайриодатий ишга қўл уришган.

Аммо мухбиримиз Искандар Фируз бунинг ортида молиявий омиллар ҳам ётган бўлиши мумкин, дейди.

Унга кўра, ҳозир Тожикистондан Ҳаж зиёратига бориш киши бошига камида 5.000 АҚШ долларига тушади.

"Шу сабабдан ҳам, бу - айрим одамларни Ҳажга пою пиёда бориш фикрига ундаётган бўлиши ҳам мумкин", дейди у.

Мухбиримизнинг айтишича, еттовлон Ҳаж зиёратини адо этиб бўлгач, ортга ҳам пою пиёда қайтишмоқчи.

Агар улар ўз режаларини амалга оширишга муваффақ бўлишса, фақат келаси йил апрел ойидагина Тожикистон тупроғига қадам қўя олишади.

Бўлажак ҳожилар

Маккага қараб пиёда йўлга чиққанлардан энг ёши ҳали ўттизга ҳам кирмаган. Энг улуғи эса, етмишларни қоралаб қолган.

Уларнинг орасида, ҳатто, оддий деҳқонининг ҳам борлиги айтилади.

Гуруҳ аъзоларига кўра, пуллари кам экани боис, сафарлари чоғида озиқ-овқат ва ётар-жой масаласида маҳаллий аҳолининг мурувватига умид қилишмоқда.

Сафарга ҳозирликлари яхши бўлгани ва гуруҳбошиси тажрибали экани боис, ҳамма сафарларининг эсон-омон якунланишига умид қилмоқда, дейди мухбиримиз.

Бу мавзуда батафсилроқ