Россия фуқароси ўлимига алоқадор гумон этилган Қирғизистон милиция ходимларининг барчаси озод этилган

Image caption Қирғизистон милицияси миллий озчиликларга нисбатан шафқатсизлиги учун танқид қилинади

Ўтган йил Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманида қийноқлар ва калтаклар туфайли дунёдан кўз юмган Россия фуқароси Усмонжон Холмирзаев ўлимига алоқадор кўрилган яна икки милиция ходими қамоқдан озод этилган.

Марҳумнинг оиласига бу ҳақда уларнинг ҳимоячилари маълум қилган.

Сўнгги икки милиция ходимининг озод этилиши билан Усмонжон Холмирзаев иши бўйича маҳкамага тортилган барча гумондор қамоқдан чиқарилган.

Жалолобод вилоят ички ишлар бошқармасининг тезкор қидирув ишлари бўйича бошлиқ ўринбосари Кубан Нуриев, шу бошқарманинг яна бир ходими Мунарбек Маматалиев ва Бозорқўрғон тумани милиция ходимлари Нургази Тутшев ва Уларбек Исмаиловлар Россия фуқаросини шафқатсиз калтаклаш ва қийноққа солишда айлангандилар.

Айни ҳодиса юзасидан Қирғизистон Жиноят кодексининг “Жабрланувчи ўлимига сабаб бўладиган даражада зарар етказиш”, “Лавозимини суистеъмол қилиш” ва “Қийноқ қўллаш” моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Усмонжон Холмирзаев оиласининг ҳимоячиларига кўра, айбланувчиларни озодликка чиқаришга доир маҳкама йиғинида жабрланувчи томон вакиллари қатнаштирилмаган.

Маҳкама жабрланувчи томонга йиғин ҳақида маълумот бермаган.

Усмонжон Холмирзаев ўлимига доир иш қайта терговга жўнатилган.

Ўтган йили август ойида Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туман милицияси ходимлари ушлаб турганларидан кейин уйига келиб вафот этган Усмонжон Холмирзаев Қирғизистон милициясидаги ноинсоний муомала қурбони бўлган ягона инсон эмас.

2011 йил 1 сентябр куни Ўшдаги 5-ҳибсхонада 63 ёшли Маматазиз Бузруков ҳаётдан кўз юмган.

Қирғизистон Омбудсмани Турсунбек Акунга кўра, маҳбуснинг оғир касаллиги бўлсада, ҳибсхона ходимлари ва тиббиёт вакиллари унга бепарво муносабатда бўлганлар.

Маматазиз Бузруков ўғлининг ортидан 2010 йил июнидаги миллатлараро низоларга алоқадорлик гумони билан ҳибсга олинган.

Қирғиз маҳкамаси ўша ҳодисаларда айблаб бир умрга қамоқ жазоси тайинлаган бозорқўрғонлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг иши халқаро миқёсда танқидларга сабаб бўлди, Қирғизистон раҳбариятидан Азимжон Асқаровни озод қилиш талаб қилинди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига кўра, Қирғизистон маҳкамалари қийноқлар асосида олинган кўрсатмаларни қонунийлаштириб бермоқда, миллатчиликни янада кучайтирмоқда.

Қирғизистонга ташриф буюрган БМТнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Хуан Мендес ҳуқуқ-тартибот идоралари ва айниқса қамоқхоналарда қийноқлар кенг тарқалганлигини айтган.

Бу абгор вазиятни Қирғизистон расмийлари ҳам тан олганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ