Қозоғистон: Хитой билан чегара постидан қочган аскарлар топилди

Қозоғистон Миллий Хавфсизлик Қўмитасининг билдиришича, Хитой билан ўзаро чегарадаги шарқий Терсайрик постидан бедарак кетган 11 аскарни топишга муваффақ бўлишган.

Чегара хизматининг билдиришича, улар чегара постидан 18 чақирим узоқликда бўлишган ва ҳозир "Шиғиз" чегара бўлинмасига олиб келинмоқда.

Улар кеча тонгда чегара постини ташлаб кетишгани хабар берилганди.

Аён бўлишича, аскарлар шартнома асосида ўтган йил ноябр ойида хизматга ёлланган бўлишган.

“Постни ташлаб кетган чегарачилар хизматга янги олинганлар бўлган. Ушбу постда яна қанча аскар хизмат қилганини давлат сири бўлгани учун айта олмаймиз”, - дейди Қозоғистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси Чегара хизмати матбуот котиби Лариса Дмитрюк.

Чегара постини эса, қурол-яроғсиз ва ҳеч кимнинг рухсатисиз ташлаб кетишган.

Юз берган ҳодисадан хабар топгач, чегара бўлинмаси раҳбарияти уларни ўзлари қидириб топмоқчи бўлишган.

Фавқулодда қўмондонликни фақат кечга бориб ушбу воқеадан хабардор этишган.

Масъуллар илгари сураётган дастлабки тахминларга кўра, аскарларни бу ишга ички низолар ( "дедовшина") ундаган бўлиши мумкин.

Ҳозир давлат чегарасининг ушбу қисмини назорат этиш учун қўшимча чегара бўлинмалари жалб этилган.

Ҳодиса сатҳида эса, чегара хизмати қўмондонлиги, ҳарбий прокуратура идораси, ички ишлар ва миллий хавфсизлик қўмитаси вакиллари теширув ишларини олиб боришмоқда.

Ҳарбий прокуратура идораси аллақачон рўй берган воқеа юзасидан жиноий иш ҳам очган.

Бу нимага далолат қилади?

Қозоғистон армиясида бу каби ҳодисалар илк маротаба кузатилаётгани йўқ.

Бунгача ички низолар сабаб аскарларнинг хизматдан қочиш ҳоллари бўлган.

Қозоғистонлик ҳарбий таҳлилчи Даулет Жумабеков бу каби ҳодисалар армиядаги муаммолардан дарак беришини айтади.

“Аскарларнинг қочиб кетиши ёки бир бирини отиши ҳарбий хизматда дедовшинанинг кенг ёйилганидан дарак беради. Бир томондан дедовшина бўлса, иккинчи томондан қўмондонларнинг малакасизлигидир”, - дейди Даулет Жумали.

28 май куни Хитой билан чегарадаги жанубий-шарқий чегара постида бир овчи ва 14 нафар чегара хизматчиси ўлдириб кетилганди.

Уларни ўз хизматдоши Владислав Челах ўлдиргани ва у ўз айбига иқрор бўлгани хабар берилганди.

Ўша ҳодисада ҳам бунга хизматдошлари билан “орани очди қилиб олиш” нияти сабаб бўлган бўлиши мумкин, деган фараз илгари сурилганди.

Аммо омон қолган чегарачига қарши ҳали бирор бир айблов расман илгари сурилмаган ва текширув ишлари давом этмоқда.

Қозоғистон Хитой билан 1530 километрлик умумий чегараларга эга.

Мутахассисларга кўра, айнан Хитой билан чегарада бу каби ҳодисаларнинг бўлиши ушбу чегаранинг узунлиги ва ўзгача масъулият билан қўриқланишига боғлиқ.

“Ушбу ҳодисалар шундан дарак берадики, бизнинг Хитой билан чегараларимиз анча узун. Қозоғистоннинг қуруқликдаги энг узун чегараси Россия билан ўтган, аммо у ерда чегара хизмати ушбу сарҳадларни қўриқламайди. Қўриқланадиган энг узун чегарамиз бу Хитойга тўғри келади. Гап бу ерда Хитойнинг таъсири ҳақида бораётгани йўқ, шунчаки бизнинг кўплаб чегара отрядларимиз Хитой чегарасида туришади”, - дейди ҳарбий таҳлилчи Даулет Жумабеков.

Қозоғистон Марказий Осиёнинг энг барқарор мамлакатларидан саналади.

Лекин бу мамлакатда жиноий тўдалар фаоллиги ҳақида ҳам турли фикрлар бор.

Ўтган йили Қозоғистонда қатор зўравонлик ҳоллари рўй берган ва мамлакат расмийлари бу ишларда исломий жангариларни айблашганди.

Бу мавзуда батафсилроқ