Супермен, Спайдермен, энди навбат қозоқ Остонаменигами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Қозоғистон ўз супер қаҳрамонига эга бўлмоқчи. Қозоқ супер қаҳрамони ким бўлди экан, десангиз, унинг шаклу шамойили ва хислату фазилатлари 3 июл куни маълум бўлади.

Танлов фильм фестивали доирасида шу йил май ойида эълон қилинганди.

Супермен, Спайдермен, Вондервомен ва Батменларнинг саргузаштлари дунё аҳлига яхши таниш, энди навбат Остонаменга келганга ўхшайди, деб бошланади Британияда чоп этилувчи “The Telegraph” нашридаги мақола.

Аён бўлишича, Қозоғистон ўз супер қаҳрамонини пойтахт Остона номи билан атамоқчи.

Танлов иштирокчилари ўз супер қаҳрамонларининг саргузаштлари, унинг ташқи кўриниши ва хислатларини ўзлари истаганча танлашга ҳақли бўлишади.

Аммо, ташкилотчилар томонидан илгари сурилган шарт шуки, бўлажак супер қаҳрамон қозоқ миллатининг ўзига хос жиҳатларини акс этдириши лозим.

“Супер қаҳрамон бетакрор, ўзига хос, қозоқ халқининг руҳияти, қадриятлари, иделларига яқин, унинг тарихи, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини ифода этган бўлиши шарт”, дейилади Остона шаҳар ҳокимлиги веб саҳифасидаги баёнотда.

Нима учун Остонамен?

Қозоғистон пойтахти Остона 1997 йилда Оқмола шаҳри ўрнида барпо этилган.

Ушбу лойиҳага шахсан президент Нурсултон Назарбоевнинг ўзи бош-қош бўлгани айтилади.

Яйдоқдек саҳрода қад ростлагани ва иқлимининг ўта кескин эканига қарамай, минглаб кишилар яшаш учун бу ерга кўчиб ўтишган.

Марказий ҳокимиятга яқин бўлиш учун Қозоғистон собиқ пойтахти Олма отадаги хорижий элчихоналар ва йирик халқаро ётиримчилар ҳам ўз ваколатхоналарини Остонага ўтказишган.

Ўшандан бошлаб қозоқчада пойтахт маънисини англатувчи Остона Қозоғистоннинг норасмий ёрлиғига айланган.

Мамлакатдаги кўплаб кичик бизнеслар, миллий ҳаво йўллари ширкати ва велосипедчилар терма жамоаси ҳам Остона номи билан атала бошланган.

Мақола муаллифи Жеймс Килнернинг ёзишича, супер қаҳрамон танлови ташкилотчилари ҳам уларнинг изидан боришга аҳд қилган кўриншади.

“Остонамен Тилла Одам ёки совути ярақлаб турган баҳодир қиёфасида намоён бўлар”, дейилади уларнинг баёнотида.

“Балким у бургут ёки қоплонни рамзлантирар? Ёки табиат билан уйғунликда яшаётган, аммо хавф туғилган пайтда, гижинглаган тулпорига миниб, она заминимиз ҳимоясига шай чўпон қиёфасида намоён бўлар?..”

Энди буёғи 3 июл куни Қозоғистон пойтахти Остонада очилажак фильм фестивали чоғида маълум бўлади.