Тожикистон Қозоғистон президентини 'Меҳнат қаҳрамони' даражасига кўтарди

Тожикистонда илк бор қўшни Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ҳақида китоб чоп этилди.

Китоб "Меҳнат қаҳрамони. Нурсултон Назарбоев - сиёсат соҳасидаги заҳматкаш", деб номланади.

Қозоқ раҳбарига бағишланган асар муаллифи Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг ўзи ҳақида ҳам қатор китоблар қоралаган тожик ёзувчиси Воҳид Ғаффорийдир.

Тожикистон раҳбарининг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Зафар Сайидзода эса, китобга ҳам ҳаммуаллифлик ва ҳам масъул муҳаррирлик қилган.

Бунгача Тожикистонда президент Нурсултон Назарбоевга атаб, ҳеч ким китоб ёзмаган.

Расмий хабарларда айтилишича, ушбу асар икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқаларнинг 20 йиллиги муносабати билан чиқарилган.

Аммо, маҳаллий кузатувчиларга кўра, бунинг ортида муайян сиёсий мақсадлар ётган бўлиши тайин.

Душанбеда бўлган мухбиримиз Искандар Фирузнинг айтишича, Тожикистон Қозоғистонни ҳар доим ёрдам беришга шай иттифоқчиси сифатида кўради.

Қозоғистон Тожикистоннинг асосий буғдой ва ёқилғи маҳсулотлари таъминотчиси ҳам ҳисобланади.

Устига устак, мухбиримизга кўра, катта сондаги Тожикистон фуқаролари Қозоғистонда меҳнат муҳожирлигида банд.

Мухбиримизнинг айтишича, худди шу сабаблар туфайли ҳам, Тожикистон Қозоғистон билан алоқаларини кучайтиришдан манфаатдор.

"Қозоғистон президентига атаб алоҳида бир китоб чоп этилишини ҳам худди шу призмада кўриш лозим", дейди у.

Кимга қизиғи бор?

Хабарларга кўра, янги китоб 400 нусхада чоп этилган.

Асар уч бобдан иборат бўлиб, улар "Ҳамма севадиган президент", "Меҳнат қаҳрамони" ва "Иродаси пўлатдек сиёсатчи", деб номланади.

Тожикистоннинг "Ховар" ахборот агентлиги ёзишича, асарда, "кўп ижодий меҳнат қилишга қодир, жонини жабборга бериб, тинимсиз ишлайдиган, ўз хатоларини тан олиш билан бирга, ўзлигини йўқотмайдиган шахснинг шаклланиш йўллари" ҳақида сўз боради.

Аён бўлишича, Тожикистонда йилига ўнлаб бунга ўхшаш китоблар чоп этилади.

Аммо, маҳаллий кузатувчиларга кўра, сиёсий буюртма мазмунида бўлгани учун ҳам, бу каби асарларга қизиқиш у қадар катта эмас.

Уларнинг айтишларича, аксарият ҳолларда бунга ўхшаш асарлар дипломатик ваколатхоналарнинг ҳисоботларида тилга олиб ўтиш учунгина чоп этилади.

Мухбиримиз Искандар Фирузга кўра, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевга аталган китоб мамлакат илмий доираларида ҳам деярли акс-садо бермаган.

Тожикистон қуриш ҳаракатида бўлган "Роғун" ГЭСи туфайли эса, сўнгги йилларда расмий Тошкент ва расмий Душанбе орасидаги алоқалар ниҳоятда совуқлашган.

Маҳаллий кузатувчилар Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан муносабатларига ҳам ўтган йиллар давомида анчайин путур етганини айтишади.

Бу мавзуда батафсилроқ