Қозоғистон Бош прокуратураси Актўбедаги махсус амалиёт тафсилотларини берди

Қозоғистон Бош прокуратураси ўтган ҳафта ғарбий Актўбе шаҳрида йўл ҳаракати назорати ходимини отиб ўлдирганликда гумон қилинганларнинг номларини ошкор қилган.

21 ёшли Жолмирза Бекбауов, 23 ёшли Ерназар Мирзагали тутиш амалиёти чоғи отиб ўлдирилган, 18 ёшли экани айтилган Габит Қурманқул яраланган.

Бош прокуратурага кўра, гумондорлар Актўбе шаҳридаги турар-жойлардан бирида жойлашишган бўлишган. Айтилишича, полиция ходимлари уларга таслим бўлишни таклиф қилишган, аммо улар бунга ўт очиш билан жавоб қайтаришган.

Жиноятчиларни тутиш амалиёти 23 июн куни ташкил этилганди. Хабар қилинишича, хавфсизлик кучлари амалиётни бошлашдан олдин Актўбе шаҳри Краснощекова кўчасидаги турар-жойлар яшовчиларини эвакуация қилишган.

Жиноятчилар одамларни гаровга олингани борасида ҳам хабар тарқалган. Аммо, Қозоғистон Бош прокуратураси бу хабарларни рад этган.

"Портлашлар ва жиноятчилар одамларни гаровга олганлари ҳақидаги гап-сўзлар асоссиздир. Жабрдийдалар ва тинч аҳоли орасидан азият чекканлар йўқ, хавфсизлик хизматининг бир ходими енгил жароҳат олган", дея маълум қилган Бош прокуратура матбуот хизмати.

21 июн куни Кирпичний посёлкасида юз бергани хабар қилинган ҳодисада қуролли шахслар бир такси ҳайдовчиси пичоқлаб ўлдиришган.

Маҳаллий вақт билан тонгги соат бешларда такси ҳайдовчисига ҳужум қилинганига оид хабар олган икки нафар йўл ҳаракати назорати ходими воқеа сатҳига етиб боришган.

Улар Opel Astra русумидаги автомобил ҳайдовчисининг пичоқланиб ётганининг устидан чиқишган.

Полиция ходимларидан бири унга тез тиббий ёрдам кўрсатишга уринган.

Иккинчиси эса, ҳужумчиларнинг ортидан тушган.

Хабарларга кўра, худди шу пайтда жиноятчилардан бири унга қарата ўт очган.

Боши ва кўкрак қафасидан ўқ еган полиция ходими ўша ернинг ўзида ўлган.

Зобит Темирбек Жаксиликбаевнинг ўлдирилиши юзасидан "Қотиллик" банди бўйича жиноий иш очилган ва жиноятчиларни излаб топиш учун тезкор гуруҳ ташкил этилганди.

Дастлабки хабарларда уларнинг ноанъанавий диний оқимлар аъзолари эканликлари тахмин этилганди. Аммо, ҳозиргача расмий манбалар бундай маълумотларни тасдиқлашмаган.

Жиноятчилар ҳужумида нобуд бўлган полиция зобити Темирбек Жаксиликбаев 23 июн куни дафн этилган.

Бу мавзуда батафсилроқ