Ҳибсга олинган Бишкек собиқ ҳокими очлик эълон қилган

Наримон Тулеев Фото муаллифлик ҳуқуқи b
Image caption Тулеев жанобларига қарши айбловлар унинг пойтахт Бишкекка ҳокимлик қилган даврига алоқадор

Бишкек собиқ ҳокими ва парламент депутати Наримон Тулеев очлик эълон қилган. Жаноб Тулеев кеча қайта ҳибсга олинганди.

Собиқ ҳоким тарафдорларига кўра, Бош прокуратура унга қарши айбловларни парламент комиссияси кўриб чиқмагунга қадар қамоққа олинмаслигига оид ваъдасида турмаган.

Шундай экан, Тулеев жаноблари "Бош прокурор идорасининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларига қарши" норозилик билдиришга қарор қилган.

"Бош прокурор Аида Салянова парламент комиссия унга қарши Қирғизистон Жиноят Кодексининг коррупцияга оид 303-моддаси бўйича айбловлар юзасидан текширувларини тугатмагунга қадар ҳибс қилинмаслигига ваъда берганди. Шунинг учун ҳам, Тулеев очлик эълон қилди", дея маълум қилишган собиқ ҳокимни тарафдорлари.

Тулеев жанобларига қарши айбловлар унинг пойтахт Бишкекка ҳокимлик қилган даврига алоқадорлиги айтилади. Олий Кенгаш ушбу ҳодисани текшириш учун махсус комиссия тузганди.

Наримон Тулеевнинг ҳимоячиси эса, унга қарши айбловлар тўқима экани ва маҳкамага етиб бормай, бекор қилиниши мумкинлигини айтган.

Бишкекдаги мухбиримизга кўра, Наримон Тулеевнинг қўлга олиниши жамиятда ҳам кескин баҳсу мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Парламент депутатлари ўз сафдошлари ҳибс қилинишини "парламентга пўписа" ва "ноқонуний ҳаракат" сифатида таърифлашган.

"Апрел байроғи" каби ижтимоий бирлашмалар эса, аксинча, "Наримон Тулеев озодликка чиқарилса, оммавий норозилик намойиши" ўтказиш билан таҳдид қилишган.

Нариман Тулеев биринчи марта ўтган ҳафта охирида ҳибсга олинган, бироқ Бош прокуратурага етиб борган бир гуруҳ парламент депутатлари уни озод қилишга муваффақ бўлишганди.

Эртасига Наримон Тулеев ҳуқуқ-тартибот идораларини танқид қилиб, депутатлар қаршисида нутқ сўзлаган.

Икки кун ўтиб эса, Бишкек ҳокими бўлган пайти унинг қўли остида ишлаган яна бир амалдор ҳибсга олинган.

Айни пайтда Наримон Тулеев шифокорлари унинг саратон касалига чалингани ва аҳволи оғир эканини айтишган.

Мухбиримизга кўра, телевидениеда гапирган шифокорлардан бири Наримон Тулеев мамлакатдан ташқарида аллақачон икки бор жарроҳлик амалиётини бошидан кечиргани ва навбатдаги муолижага эҳтиёжи борлиги таъкидлаган. Шунингдек, шифокор бу муолижа Қирғизистонда имконсизлиги Тулеев жаноблари хорижга кетиб даволаниши зарурлигини айтган.

Унга кўра, очлик амали Тулеевнинг аҳволини янада ёмонлаштириши мумкин.