Бишкек собиқ ҳокими икки ойга қамалди

Фото муаллифлик ҳуқуқи b
Image caption Жаноб Тулеев ўзига қўйилган барча айбларни рад этиб келади

Қирғизистон маҳкамаси парламент депутати ва Бишкек собиқ ҳокими Наримон Тулеевни икки ойга озодликдан маҳрум этган.

Сўнгги уч кун давомида тергов изоляторида сақланган жаноб Тулеев маҳкама жараёнидан сўнг ишончли деб, Давлат Миллий Хавфсизлик хизмати ҳибсхонасига олиб кетилган.

Наримон Тулеев Бишкек шаҳар ҳокими бўлган пайтда Хитойдан 200 та автобус сотиб олишда порахўрликка қўл урганликда айбланмоқда.

Собиқ ҳокимнинг ўзи барча айбловларни рад этиб келади.

Тулеев ҳимоячиси Султон Боратовнинг айтишича, келаси беш кун ичида туман маҳкамаси ҳукми юзасидан шаҳар маҳкамасига шикоят аризаси билан чиқишмоқчи.

Наримон Тулеевнинг қўлга олиниши Қирғизистонда кескин баҳсу мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Тулеев тарафдорлари буни "парламентни қўрқитиш ва мутлақо ноқонуний" амал эканини айтиб, уни зудлик билан озод этишни талаб қилишмоқда.

"Апрел байроғи" каби ижтимоий бирлашмалар эса, аксинча, "Наримон Тулеев озодликка чиқарилса, оммавий норозилик намойиши" ўтказиш билан таҳдид қилишган.

Айни пайтда Наримон Тулеев шифокорлари унинг саратон касалига чалингани ва аҳволи оғир эканини айтишмоқда.

Улардан бирига кўра, Тулеев аввалроқ эълон қилган очлик амали унинг аҳволини янада ёмонлаштириши мумкин.

Расмий маълумотга кўра, депутат Тулеев устидан Қирғизистон Жиноят Кодексининг "Коррупция" банди бўйича жиноий иш қўзғатилган.

У Хитойдан етказилган 200 автобусни атайлаб қиммат баҳода сотиб олганлик ва бу билан давлатга жуда катта - қарийб бир ярим миллион АҚШ доллари миқдорида зарар етказганликда айбланмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ