'Парламентга мини юбкада келманг, соч-соқолингизни қиртишланг'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Қирғизистон парламентининг регламент ва депутатлар этикаси бўйича қўмитаси вакилларнинг қандай либосда келишларига оид янги низомни маъқуллаган.

K-NEWS ахборот агентлиги тарқатган хабарда айтилишича, унда депутатларнинг парламентга “расмий фаолиятларига мувофиқ тарзда кийиниб келишлари” шарт қилиб қўйилган.

Уларга ҳиди ниҳоятда ўткир пардозлик буюмларидан фойдаланмаслик, пардоз-андозларини ҳаддидан оширмаслик ва тақинчоқларини кўпайтириб юбормаслик тавсия этилган.

Аёл депутатлардан, яна шунингдек, ишбоп костюм-юбка ва кўйлакда юришлари сўралган.

Либосларининг ранги ҳам кўкиш, қаҳваранг, кулранг ва ерранг бўлиши маъқул экани айтилган.

Уларнинг калта либос ёки шортикда юришлари қатъиян ман этилган.

Ипак тўрли, тафта, зарбоф, шифондан тикилган, зар уриб безатилган ёки мунчоқли кўйлакда юришлари ҳам тақиқланган.

Ёқаси очиқ кофта, сарафан, елкаси, орқаси ёки олди очиқ либослардан ҳам ўзларини тийишлари маслаҳат берилган.

Низомда аёл депутатларнинг, ҳатто, қандай пойафзалда юришлари шарт экани ҳам айтилган.

Аён бўлишича, уларнинг спорт ёки пляжда кийилувчи оёқ кийимлари, сандали ёки шиппакда юришлари ман этилади.

Эркак депутатларга-чи?

Низомдаги тартиб-қоидалардан эркак депутатлар ҳам бир четда қолишмаган.

Улардан ҳам парламентга ишбоп костюм-шимда келишлари сўралган.

Костюм-шимларининг ранги қора, кулранг, оч-кулранг, тўқ кўк, ерранг ва қаҳваранг бўлиши сўралган.

Кўйлак ва галстукларининг ранги костюмларининг рангига мос бўлиши шартлиги ҳам айтилган.

Иш жойларида соқоллари қиртишлаб олинган ва мўйловлари яхшилаб тарашланган қиёфада бўлишлари талаб қилинган.

Яна шунингдек, парламент биносида шалвираб турган свитер ёки спорт костюмларида юришлари тақиқланган.

Ахборот агентлиги тарқатган хабардан аён бўлишича, низомнинг ижросини назорат қилиш масъулияти “Ата-Мекен” партиясидан депутат Асия Сасикбоевага юклатилган.

Янги қарордан мақсад - ҳар доим ҳам кийиниш тартиб-қоидаларига риоя этмайдиган парламент ходимлари ва депутатларининг интизомини яхшилаш экани айтилади.

Агар қўмита фармойишини парламент ҳам қўллаб-қувватласа, у сентябр ойидан бошлаб Жоқорғу Кенешда амал қилишни бошлайди.

Бу мавзуда батафсилроқ