Қирғиз маҳкамаси журналист Фарафоновни миллатлараро низо қўзғаш бандида айбдор топди

Бишкекдаги маҳкама журналист ва блоггер Владимир Фарафоновни ўзининг мақолалари билан миллатлараро низо қўзғаш бандида айбдор топган ва 1000 доллардан зиёд жаримага тортган.

Бишкекнинг Первомайский тумани маҳкамаси якунида айбланувчи Владимир Фарафоновнинг ўзи иштирок этмаган.

У маҳкама ташқарисидаги автомобилда маҳкама қарорини кутишини маълум қилган.

Маҳкама ҳаками Алмазбек Молдобаев ҳукмни ярим соат давомида ўқиган.

Маҳкама қарорига кўра, Владимир Фарафоновнинг мақолалари юзасидан ўтказилган эспертизалар уларда миллатларо низони қўзғаш аломатлари борлигини исботлаган ва ҳукмда ушбу жиҳат инобатга олинган.

Асосан "Русское единство" Интернет порталида эълон қилинган Владимир Фарафанов мақолаларининг 16 жойида Қирғизистон Жиноят кодексининг "оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиб миллий, ирқий, диний ёки минтақалараро низо келтириб чиқариш" бандига мос тушадиган матнлар топилгани айтилган.

Владимир Фарафоновнинг биринчи марта маҳкамага тортилаётганини эътиборга олиб унга 50000 Қирғиз соми миқдорида жаримага тортишга қарор қилинган.

Владимир Фарафонов ўзига нисбатан қўзғатилган жиноят ишидаги миллий низо қўзғаш айбловларини рад этган.

Журналист устидан маҳкама шу йил март ойида бошланган эди.

Қоралов томони журналистга 8 йиллик қамоқ жазоси берилишини сўраган.

Владимир Фарафоновни маҳкамада ҳимоячиси сифатида қатнашган таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Токтайим Уметалиева айтишича, маҳкама ўзлари кутганларидан ҳам холисроқ ўтган.

Владимир Фарафонов Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаевга очиқ мактуб йўллаган, ўз мурожаатида Фарафонов ёзишича, мамлакатда агрессив қирғиз миллатчилиги хавфи мавжудлиги ҳақида ўз мақолаларида ёзгани учун унинг оғзини ёпмоқчи бўлганлар.

Фарафонов ишидан россиялик сиёсатчи Владимир Жириновский ғазаб изҳор этган, бунга жавобан қирғизистонлик меҳнат муҳожирларини Россиядан ҳайдаб чиқаришни таклиф қилган.

Бу мавзуда батафсилроқ