Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўшда ўзбек тилидаги янги мустақил рўзнома чоп этила бошланди

Image caption Янги рўзнома ўзбек медиа маконида юзага келган бўшлиқни тўлдирмоқчи

Этник зўравонликлардан жабр кўрган Ўшда ўзбек тилидаги "Дайджест" номли янги рўзноманинг илк сонлари тарқалган.

2010 йилда нишона сони чоп этилган рўзнома нашри кейинроқ тўхтаб қолган эди.

"Дайджест" 2010 йил юнидаги этник зўравонликлардан сўнг дунё юзини кўрган илк мустақил нашрдир.

Юзлаб инсонларнинг умрига зомин бўлган қонли воқеалар ортидан ўзбек тилидаги қатор оммавий ахборот воситалари ёпилганди.

Ўзбек журналистлари ўзларига қарши босимлардан шикоят қилишган.

"Дайджест" асосчиси ва бош муҳаррири Шоҳруҳ Соипов 2007 йилда Ўшда отиб ўлдирилган таниқли журналист Алишер Соиповнинг укасидир.

Унга кўра, рўзнома ўзбек тилидаги медиа маконда юзага келган бўшлиқни тўлдиришга ҳаракат қилади.

"Бизнинг қонли воқеалардан кейин ўтган икки йил давомида кузатганимиз-Қирғизистондаги ўзбек жамоаси учун ахборот олиш имкони тобора камаймоқда.

"Ўш садоси", "Жалолобод тонги" сингари рўзномалар давлатнинг нашри ҳисобланади ва давлат айтган нарсани ёзади",- дейди Шоҳруҳ Соипов.

Унинг айтишича, қонли воқеалардан кейин халқаро ташкилотларнинг ёрдами билан ўзбек тилида рўзнома чоп этиш ва радиоэшиттириш лойиҳалари амалга оширилган, аммо уларда фақат "ижобий янгиликлар" ёритилади.

"Бу нашрлар фақат "ўзбек ва қирғиз миллати бир-бири билан ярашди, бир-бири билан қуда бўлаяпти" қабилидаги янгиликларни ёритишади. Ижобий янгилик керак, аммо биз ижобий ахборот деган мақсад билан мавжуд муаммоларга кўз юмаяпмиз", - дейди журналист.