BBC navigation

Ўшда мадраса муаллими ўқувчини жинсий зўрлашда гумон қилинмоқда

Сўнгги янгиланиш 5 июл 2012 - 14:06 GMT

Мадраса ўқувчиси бир неча ҳафта давомида зўрлангани гумон қилинади

Қирғизистон Ички Ишлар Вазирлиги Ўш вилоятидаги мадрасалардан бирининг ўқитувчиси жинсий зўравонликда айбланиб ҳибсга олинганини маълум қилган.

Вазирликка кўра, Бишкек шаҳрининг Октябрск Ички Ишлар Бошқармасига тўққиз ёшар болага нисбатан жинсий ҳаракатлар амалга оширилгани борасида шикоят келиб тушган.

Айтилишича, Ўш шаҳридаги Ыйық Сулайман-Тоо мадрасасининг 22 ёшли ўқитувчиси баччабозлик билан шуғулланган.

Жабрланган бола шу кунларда Бишкекнинг касалхоналаридан бирига ётқизилган.

Октябрск ИИВси томонидан буюрилган тиббий экспертиза хулосаси боланинг жинсий зўрланганини тасдиқлаган.

Би-би-си билан суҳбатда жабрланган боланинг онаси ўз ўғли ягона қурбон бўлмаслиги мумкинлигига ишора қилган.

Унинг айтишича, мадрасада таҳсил олаётган ўғил болалар устози тарафидан ўзларига бўлаётган жинсий тажовузни қўрқутувлар сабабли ҳеч кимга айтмай келишган.

"Ҳар ҳафта уйга келганда ўғлим "мадрасага қайтиб бормайман" деб йиғларди. Безовталаниши жуда қаттиқ ортиб борди. Болам ўтиролмай қолди. Туалетга борса қийналиб, "орқам ачишаяпти" деб шикоят қилишни бошлади", - дейди она.

Аёл мадраса маъмуриятига мурожаат қилганида, маъмурият унга "Ислом динининг душманлари шундоқ ҳам кўп бўлгани учун", бу ҳодисани ошкор қилмасликни сўраганини билдирди.

Лекин, у пойтахтга келиб ҳуқуқ-тартибот идораларига арз қилган.

Жиноят борасидаги материаллар айни дамда Ўш Ички Ишлар Бошқармасига топширилган.

Ўш ИИВси матбуот вакили Замирбек Сиддиқов мадраса ўқитувчиларидан бири ҳибсга олинганини тасдиқлади.

"Ўш шаҳрининг 22 ёшли яшовчиси куни кеча Қирғизистон Республикасининг Жиноий Кодексининг 109-моддасига биноан, баччабозликда гумон қилиниб қўлга олинди", - деди жаноб Сиддиқов Би-би-сига.

Ҳозирги кунда жиноий иш очилиши масаласи кўриб чиқилмоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.