Қишлоқ хўжалик вазири ёмон ғалла ҳосили сабаб ишдан кетди

Бу йилги ғалла ҳосилининг чўғи камлигидан ғазабга келган Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов мамлакат Қишлоқ хўжалиги вазирини вазифасидан четлатган.

Шу билан бирга, турли сабаблар билан тўрт вилоят ҳокимларига ҳайфсан эълон қилган.

Ҳукумат таркибидаги сўнгги ўзгаришлар ҳақида Туркманистон давлат оммавий-ахборот воситалари хабар берган.

Президент Бердимуҳаммедов, ўз ўрнида, иш ҳақлари оширилишини ҳам эълон қилган.

Бунга айнан нон нархлари кўтарилиб кетгани боис, аҳоли орасида пайдо бўлган норозилик сабаб бўлган.

Хабарлардан аён бўлишича, ўтган йил январ ойидан буён Қишлоқ хўжалик вазири вазифасини бажариб келаётган Мердан Байрамов ўрнига унинг муовини Режеп Бозоров тайинланган.

Вазирликдаги бошқа кўплаб мулозимлар ҳам янгилари билан алмаштирилган.

Туркманистон бу йил 1.6 миллион тонна ғалла ҳосилини кўтаришни режалаган бўлган.

Аммо етиштирилган ғалла ҳосили мўлжалдагисидан чорак фоизга кам бўлган.

Бунинг ортидан, ўтган жума куни Туркманистонда нон нархлари уч баробарга ошиб кетган.

Бир килограмм уннинг баҳоси эса, икки баравар қимматлаб, 0.35 сент(АҚШ)га етган.

Бундан хавотирга тушган туркман раҳбари келаси йилдан бошлаб давлат хизматчилари маошларининг 10 фоиз, нафақалар миқдорининг эса, 15 фоизга оширилишини эълон қилган.

Гурбангули Бердимуҳаммедов аҳолиси беш миллион кишини ташкил этувчи энергияга бой Туркманистонни 2006 йилдан буён бошқариб келади.

Мамлакат иқтисоди ҳануз давлат томонидан бошқарилади ва собиқ Шўролар даврига хос режага мувофиқ ҳосил етиштириш анъанаси ҳамон амалда.

Туркман аҳолиси учун газ ва электр энергиясидан фойдаланиш текин. Шу боис ҳам, яшаш унча қиммат эмас.

Асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ҳам давлат томонидан кескин назорат этилади.

Шу боис, нарх-наволарнинг ошиши фақат мамлакат аҳолиси ўта ночор қатламини қийин аҳволга қўйиши мумкинлиги айтилади.

Яхши ғалла ҳосили олгани боис эса, куни-кеча президент Бердимуҳаммедов Афғонистон билан чегарадош Лебап вилояти ҳокимига "Кадиллак" русумидаги қимматбаҳо машина совға қилганди.

Бу мавзуда батафсилроқ