Россияда ўзбекистонлик муҳожирни ит талаб ўлдирган

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Россиянинг Барнаул шаҳрида ит талаши натижасида Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган.

Исми ошкор қилинмаётган 33 ёшли йигитнинг мурдаси Олтой бозори ёнидан тонгга яқин топилган.

Айни дамда тергов олди суриштирув ишлари кетмоқда.

Ҳалок бўлган йигитнинг хусусий қурилиш объектларининг бирида ишлагани айтилмоқда.

Олтой ўлкасида Ўзбекистон фуқаросининг ўлими илк маротаба учраётгани йўқ. Бундан бир йил олдин асли ўзбекистонлик Россия фуқароси жанжал оқибатида ўзбекистонлик танишини ўлдириб, гўштини кабоб қилиб еган.

33 ёшли йигитнинг танаси 17 июл куни тонгда Олтой бозори атрофида топилган. Мурдага бозор ходимлари дуч келган ва шу заҳоти полицияни чақирган.

“Ўзбекистон фуқароси доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлмаган, яъни Россияда рўйхатда турмаган, танишлариникида яшаган. Бироқ бозордан унча узоқ бўлмаган жойда қурилиш ишларини олиб борган хусусий тадбиркорнинг қўлида расман ишлаган. Кечки вақт соат 6 да ишдан чиққан ва кейин уни ҳеч ким кўрмаган”, дейди Олтой ўлкаси тергов бўлими раҳбари катта ёрдамчиси Людмила Рязанцева.

33 ёшли йигит Барнаулда оиласиз ва ватандошлари билан бирга яшаган. Айни дамда унинг қайси жойдан эканлиги каби маълумотлар тўпланмоқда.

Тергов бўлими масъулининг билдиришича, одамларнинг ит талаши натижасида ўлиши жуда ҳам кам учрайдиган ҳолат. Сўнгги беш йилда бундай ҳодиса кузатилмаган.

Бироқ Олтой бўлгасида ўзбекистонликларнинг ўлими кам бўлса-да, учраб туриши айтилади. Бундан бир йил олдин асли ўзбекистонлик Россия фуқароси ва Ўзбекистон фуқароси ўртасида келиб чиққан жанжал оқибатида қотиллик содир этилган.

Россия фуқаролигини қабул қилган ўзбекистонликнинг уйига Ўзбекистондан таниши келади ва ўша ерда яшаб қурилишда ишлай бошлайди. 2011 йилнинг 8 март куни байрам қилиб спиртли ичимликлар ичишади ва ўртада жанжал келиб чиқади.

“Ўзбекистондан келган меҳмон мезбоннинг қариндошини ҳақоратлайди. Айбланувчи ўйлаб ўтирмасдан уни ўлдиради ва танасини бўлаклайди. Тананинг бир қисмини сумкалаларга солиб Барнаул шаҳри бўйлаб ташлаб чиқади. Тананинг бошқа қисмини эса шашлик пишириш учун зираворлаган”, - дейди Олтой ўлкаси тергов бўлими раҳбари катта ёрдамчиси Людмила Рязанцева.

Айбланувчининг узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилингани билдирилди.

Нон топиш мақсадида Россияда бир неча миллион ўзбекистонлик меҳнат қилади. Меҳнат муҳожирларининг сони кўпайган сари улар билан боғлиқ жиноий ишларнинг ҳам ортаётгани айтилади.