Қирғиз курашчиси Айсулу Тинибекова маҳкама иши 1 ойга қолдирилди

Лондон олимпиадасида Қирғизистонга медал олиб беради деб кўрилаётган спортчилардан бири, эркин курашчи Айсулу Тинибекова устидан маҳкама иши август ойида давом эттирилади.

Бишкекда маҳкама ишини тинглаётган ҳакам Сания Бранчаева ана шундай қарор қабул қилган.

Маҳкама ҳужжатларига кўра, оғирлиги 63 килограмм бўлган, аёллар билан курашга тушувчи 19 яшар Айсулувнинг тренери унинг Лондон Ёзги Олимпия ўйинларидан кейин Бишкекка қайтиб келишига кафолат берган, шунга асосан ҳакам 27 июл-12 август кунлари бўлиб ўтадиган мусобақаларда Айсулув Тинибекованинг иштирок этишига имконият яратиш мақсадида маҳкама ишида танаффус эълон қилишга қарор қилган.

Бишкекда музқаймоқ устидан келиб чиққан қизлар ўртасидаги жанжалда айбдор деб топилган Айсулувга 5 йиллик қамоқ жазоси қўлланиши эҳтимоли бор.

Айсулув Тинибекова дуч келиб қолган можаро Қирғизистон жамиятини икки хил қарашдагилар жабҳаларига бўлиб ташлаган.

Кимдир спортчи қизнинг кучли эканига ишониб, қўлига эрк бериб юборганликда айблаётган бўлса, кимдир машҳур спортчи қиздан пул ундириш мақсадида маҳкама даъвоси қўзғатилганига ишонаяпти.

Лондон олимпиадаси арафасида Қирғизистон ҳукумати мусобақалардан олтин медални қўлга киритиб қайтган спортчига 200000 АҚШ доллари, кумуш медал учун 150000 доллар, бронза медали учун 100000 доллар ваъда қилди.

Бироқ Айсулувнинг устидан шикоят қилган Нуриля Қўчқорбоева бу ишни пул учун қилганини рад этади.

У Айсулув тренери Нурбек Изабековнинг ишни маҳкамасиз тинч ҳал қилиш таклифини ҳам рад этган.

Нуриля Қўчқорбоевага кўра, унинг 17 ёшли қизини Айсулув Тинибекова ва унинг дугонасини калтаклаган, уриб қизининг бурнини синдирган.

Айбдорлар эса 3 апрелда юз берган ҳодисада калтакланган қизларнинг ўзлари айбдор эканини, музқаймоқда навбатда турган қизларнинг ўзи биринчи бўлиб ҳақоратлаб жанжални бошлаганларини айтмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ