Кримскдаги сув тошқинида тожикистонлик муҳожир бир неча одамни қутқариб қолган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

7 июль куни Россиянинг Кримск шаҳрида содир бўлган сув тошқинида тожикистонлик меҳнат муҳожири 6 одамнинг умрини сақлаб қолган

Россиянинг ахборот алмашишга мўлжалланган pikabu.ru сайти томонидан тарқатилган ушбу хабар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган мавзуга айланган.

Ҳақиқий қаҳрамон дея талқин қилинаётган йигитнинг расми чоп этилган, аммо унинг исми шарифи айтилмаётир.

pikabu.ru сайтида apack номли юзер “оддий ўзбек йигити 6 кишининг ҳаётини сақлаб қолди, аммо телевиденияда бу ҳақда ҳеч қачон кўрсатишмайди”, сарлавҳаси остида хабар қолдирди.

Apack нинг ёзишича, унинг шахсан ўзи ушбу йигит қутқаришда фаол иштирок этган Кримскдаги кўча одамлари билан гаплашган ва турғунларнинг ҳаммаси тожикистонлик йигитнинг қаҳрамонлигини тасдиқлашган. Бироқ йигитнинг ўзи бу ҳақда гапириб беришга уялган.

“Кримскда фожеа. Соат тунги 3. Тожикистонлик оддий йигит сув босаётганини кўриб қолди. У қичқириб, уйлар оралаб югурди. Том ва деразарларга тош отди. Ушбу оддий йигит маҳалладаги барчани уйғотди. Ҳаво билан тўлдирилган кўрпада 6 кишини қутқарди. Бироқ 7 чи онахонни қутқаролмади. Дераза панжарали эди, эшик эса сув остида қолганди. У бўғилаётган аёлнинг қўлини ушлаб турди. Ҳеч қаёққа қочиб кетмади, қария йигитнинг қўлини ушлаган ҳолда жон таслим қилди”, - дейди Apack исмли фойдаланувчи.

Ушбу йигит ҳақида маълумот тўплаган Apack: “Нима учун ҳақиқий қаҳрамонлар ҳақида гапиришмайди. Сабаби одам бошқа давлатдан ва дини бошқа бўлгани учунми? У мен учун қаҳрамон ва у ҳақда билишларини истайман”, дейди.

Apack йигитнинг ўзбек эканлигини ёзган ва тез кунларда ушбу йигит ҳақида тасвирга олинган видеони чоп этишини билдирган.

Исми номаълум ўзбек йигитининг қаҳрамонлиги русийзабон интернет оламида кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.

Фикр қолдирувчиларнинг бир қисми нима сабабдан бу каби қаҳрамонлар давлат нашрларида умуман кўрсатилмаслигини савол остига олган. Ва миллатчиликка қарши эканлигини билдирган.

Иккинчи томон эса биргина қаҳрамонлик меҳнат муҳожирлари томонидан содир этилаётган бошқа жиноятларни ювмаслиги керак деган фикрни билдирган.

Россиядаги инсон ҳуқуқлари фаоли Баҳром Ҳамроев миллати ва динига қараб аймирмачилик қилиш Россияда давлат мулозимлари даражасигача кўтарилган муаммо эканлигини айтади.

“Путин рус халқини давлатнинг асосини ташқил қилувчи миллат дея гапиради. Бундан қолганлар иккинчи даражали одамлар деган гап келиб чиқади. Бу ҳар қандай миллатни чуқур мушоҳадага чорлайди. Миллатчилик бор нарса”, - дейди Баҳром Ҳамроев.

Инсон ҳуқуқлари фаолига кўра Россияда миллатчилик жамиятни фикрини бошқариш билан оммавий ахборот воситалари орқали ҳам сингдирилади. Бугунги кунда прокуратура, полиция каби ҳуқуқ тартибот органларида бошқа миллатларга нисбатан иккинчи даражали муносабат одатий ҳолга айлангани айтилади.

Шунга қарамасдан, миллатчиликка ва турли айирмовчиликка қарши бўлган фуқаролар гуруҳининг борлиги ҳам таъкидланади. Уларнинг ўрни ва сони озлигича қолаётган бўлса-да, ўз муносабатларини билдиришга ҳаракат қилаётгани эътироф этилади.

Бу мавзуда батафсилроқ