Тожикистондаги ҳарбий амалиётларда 'юздан ортиқ одам ўлдирилган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Хорўғ аҳолиси тонг саҳарданоқ қулоқларига кучли отишма садолари чалинганини айтишмоқда

Тоғли Бадахшоннинг йирик ҳарбий амалиётлар кечаётган Хорўғ шаҳри аҳолисининг айтишича, қурбонлар сони юздан ортган.

Уларнинг орасида ҳарбийлар ва қуролли гуруҳ аъзоларидан ташқари, тинч аҳоли вакилларининг ҳам борликлари айтилмоқда.

Шу жумладан, Толибек Аёмбековнинг ўғли ва Тожик мухолифатининг таниқли собиқ дала қўмондонларидан бири Ёдгор Шоҳмусалламов ҳам ўлдирилган.

Мухбирларимизнинг айтишларича, Толибек Аёмбековнинг ўзи Афғонистонга қочиб ўтганига оид хабарлар олишмоқда.

Жанглар чоғи яраланганларнинг аниқ сонига оид расмий рақамлар йўқ.

Аммо, Душанбедаги мухбиримиз Искандар Фирузнинг айтишича, пойтахт Душанбедаги биргина касалхонанинг ўзига олтмиш нафар яраланган ҳарбий Помирдан тикучарларда келтирилган.

Тожикистон давлат телевидениеси берган энг сўнгги хабарларга кўра, хавфсизлик кучлари Бадахшонда 30 нафар "жиноятчи"ни ўлдиришган.

8 афғон дохил 40 қуролли шахсни ҳибсга олишган.

Ҳукумат кучлари 12 аскарини бой бергани ва йигирмадан ортиқ ҳарбий яралангани маълум қилинган.

Расмий хабарларга кўра, оддий фуқаролар орасида талофатлар йўқ.

Ҳарбий амалиётлар бироз тинчиган эса-да, шаҳарда отишмаларнинг ҳануз қулоққа чалинаётгани айтилади.

Мухбиримизга кўра, маҳаллий аҳоли, ўз таъбирларида, ҳукуматнинг "тозалаш амалиётлари"дан қўрқиб, дарахтларни кесиб, баррикадалар ясашга тушиб кетишган.

Россиядаги Тоғли Бадахшонликлар ҳарбий амалиётларни зудлик билан тўхтатиш талаби билан Москвадаги Тожикистон элчилиги қаршисида ноқонуний митинг ўтказишган.

Акция иштирокчиларидан бирига кўра, элчилик ёнига махсус кучлар ходимлари(ОМОН) тушган машина келиб, улардан тарқалишни сўрашган.

Улар чоршанба куни яна кенг миқёсли норозилик чиқиши уюштириш режасида эканликларини айтишган.

Ҳарбий амалиёт

Кун аввалида Тожикистон Давлат Миллий Хавфсизлик қўмитаси генерал Абдулло Назаровнинг ўлимига алоқадор шахсларни ушлаш учун Тоғли Бадахшон вилояти маркази Хорўғ шаҳрида йирик ҳарбий амалиёт йўлга қўйилганини маълум қилганди.

Қўмитанинг Бадахшон вилоят бошқармаси бошлиғи ўтган шанба - 21 июл куни Хорўғ шаҳрига киришда номаълум шахслар томонидан пичоқлаб ўлдирилганди.

Расмийлар қотилликда "Ишкашим" чегара бўлинмаси раҳбари ва Тожик мухолифатининг собиқ дала қўмондони Толибек Аёмбеков бошчилигидаги ноқонуний қуролли гуруҳни айблашмоқда.

Хабарларга кўра, Толибек Аёмбеков ўз ихтиёри билан таслим бўлишдан бош тортган ва қуролли қаршилик кўрсатишни маъқул деб топган.

Тожикистонлик масъуллар уни яна гиёҳванд моддалар ва қимматбаҳо тошлар контрабандаси, қуролли гуруҳини эса, босқинчиликда айблашмоқда.

Расмий баёнотда айтилишича, жорий пайтда Аёмбеков "қуролли жиноий гуруҳларни сафарбар этиб, ҳукуматга қуролли қаршилик кўрсатишни бошлаган".

Кечаётган ҳарбий амалиётда уч минг аскарнинг иштирок этаётгани ва уларни ҳаводан тикучарлар дастаклаб тургани айтилмоқда.

Бундан аввал ҳукумат Тожик мухолифатининг собиқ дала қўмондонларига қотилликка алоқадорликда гумон қилинган шахсларни зудлик билан ўзларига топширишларини сўраб, ультиматум қўйишганди.

Ҳаммаси қачон бошланди?

Хорўғ аҳолисининг айтишича, эрта тонгдан қулоқларига отишма садолари чалинган. Шаҳарда бўлган барча хорижликлар эвакуация этилишган.

Улар, "уйларидан ташқарига чиқишга қўрқишаётгани, кучли отишмалар кечаётгани, ҳамма ёқни ҳарбийлар босиб кетгани ва ишга бормасликни ўйлаётганликлари"ни айтишган.

Ҳозир Тоғли Бадахшон вилояти билан умуман телефон алоқаси йўқлиги, пойтахт Душанбедан Хорўғга борувчи йўл ёпиб қўйилгани айтилмоқда.

Аммо кечаётган воқеаларнинг тафсилотларини ошкор этишдан бош тортаётган масъуллар ушбу маълумотни расман тасдиқлашаётгани йўқ, дейди мухбиримиз Анора Саркорова.

Аён бўлишича, улар олиб борилаётган тергов жараёни хавфсизлигини ўйлаб, шундай қилишга мажбур эканликларини билдиришган.

Сешанба куни Помирда юз бераётган ҳодисаларни фаол ёритиб келаётган "Азия-плюс" веб саҳифасининг тўсиб қўйилгани ҳам маълум бўлган.

"Имрўз-News" кундалик нашрининг ёзишича, тожик-афғон чегарасидаги Шива кўли атрофида ҳарбийларнинг тўпланаётгани кўзга ташланади.

Газетанинг афғон махсус хизматлари маълумотларига таяниб хабар беришича, бу ердаги қуролли гуруҳ аъзоларининг сони 200 тача бўлиши мумкин.

"Азия-плюс" интернет нашрининг ёзишича эса, бугун тонгда Тоғли Бадахшон вилояти Рушан тумани прокурори Нафасбек Дилшодов ўлдирилган.

Интернет нашри прокурорнинг машинаси портлаб кетгани, у билан бирга кетаётган ҳамроҳи ҳам қурбон бўлганини айтади.

Аммо расмийлар Тожикистондаги мухбирларимизга ушбу хабарларни расман тасдиқлашмаган.

Толибек Аёмбеков

Толибек Аёмбеков Тожик мухолифатининг таниқли дала қўмондонларидан Аёмбек Аёмбековнинг укасидир.

Аёмбек Аёмбековнинг ўзи бундан бир неча йил бурун суиқасд амалида қурбон бўлган, аммо ким уни ўлдиргани ҳануз маълум эмас.

Душанбедаги мухбиримиз Зарина Хушвақтнинг айтишича, кеча Толибек Аёмбеков билан суҳбатлашишга муваффақ бўлишганида, у генералнинг ўлимига ўзларининг ҳеч бир алоқалари йўқлигини айтган.

Мухбиримизга кўра, суҳбатлашган пайтларида Толибек Аёмбеков Хорўғ шаҳридаги ўз уйида бўлган ва айбсиз экани боис, ҳеч нарсадан қўрқмаслиги, президент Имомали Раҳмоннинг ваъдасига ишонишини айтган.

Толибек Аёмбеков Тожикистон раҳбари ўзларини 1997 йилда авф этгани, Тоғли Бадахшон вилоятида ҳеч қандай тозалаш амалиётлари олиб бормасликка ваъда берганини ҳам қўшиб ўтди, дейди мухбиримиз.

Мухбиримизнинг айтишича, нега генерал Назаровнинг ўлимида Толибек Аёмбеков ва бўлинмасининг айбланаётгани сабаблари маълум эмас.

Тоғли Бадахшон

Тоғли Бадахшонда марказий ҳукуматдан кўра, аксарияти Тожик мухолифатининг собиқ дала қўмондонлари бўлган маҳаллий авторитетлар катта таъсирга эга.

Бу ҳолат расмий Душанбенинг жиғига тегиб келган бўлса ҳам, расмийлар кенг кўламли ҳарбий амалиётларга қўл уришдан ўзларини тийиб келишаётганди, дейди мухбиримиз.

Минтақа аҳолиси эса, маҳаллий ҳукумат мулозимларини коррупция ва иқтисодий муаммоларни ечишга қодир эмасликда айблаб келишади.

Тоғли Бадахшон Тожикистоннинг энг қашшоқ минтақаларидан бири саналади.

Бу ерда ишсиз даражасининг юқорилиги аҳолини оммавий миграцияга ундаётган асосий омиллардан бири экани айтилади.

Кузатувчиларга кўра, агар минтақадаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларга барҳам берилмаса, аҳоли орасида норозилик кайфияти кучайиб бораверади.

Бу мавзуда батафсилроқ