Ўш шаҳар маҳкамаси "Osh City Uzbek Mahalla" қўшиғини Қирғизистонда тақиқлаган

Image caption Қирғизистон жанубида қирғиз-ўзбек муносабатлари муаммоли бўлиб қолаётганлиги айтилади

Интернетда турли фикр-мунозараларга сабаб бўлган "Osh City Uzbek Mahalla" ашуласи маҳкама қарори билан бундан буён Қирғизистон ҳудудида тарқатилиши маън қилинган.

Қирғизистон Бош прокуратураси маълумотига биноан, шу қарори билан Ўш шаҳри маҳкамаси Ўш вилояти прокуратурасининг мурожаатномасини қўллаб-қувватлаган.

Маҳкама қарорида таъкидланишича, "қўшиқда қирғиз халқи ҳақорат қилинган", «мазкур аудио ёзув мазмуни кирғиз ва ўзбек миллатларига мансуб фуқаролар ўртасида ўзаро нафрат ва адоват сезимларини кўзғатмоқда».

Қирғизистон Бош прокуратураси мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларига юқоридаги қўшиқни тарқалмаслиги чораларини кўришни топширган.

Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси қўшиқ ижрочисининг шахси ва манзилини аниқлаш устида қидирув ишлари давомида қўшиқ муаллифи аниқлаганини маълум қилган.

Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Суйунбек Ўмурзақовга кўра, қўшиқ ижрочиси Россия фуқаролигини олган асли ўшлик йигит ҳисобланади.

Унинг айни пайтда Қирғизистондан ташқарида яшаши айтилган.

Қирғизистон хавфсизлик қўмитаси қўшиқ муаллифи ва ижрочисини қўлга олиш ишлари олиб борилаётганлигини маълум қилган.

Айни пайтда интернетда қирғиз ижрочиси томонидан ҳам ўзбекларга қарши қаратилган қўшиқ тарқатилаётганлиги айтилмоқда.

Қўшиқ ижрочиси Алтинбек Борошев деган ижрочи эканлиги маълум бўлган.

"Ўштук ўзбектерге" қўшиғининг матни ўзбекларга нисбатан ҳақорат сўзларидан иборат эканлигига қарамасдан, ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари қўшиққа ўз муносабатларини ҳозирча билдиришмагани айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ