Тоғли Бадахшонда музокаралар давом этмоқда

Image caption Тожик-афғон чегарасида хавфсизлик чоралари кучайтирилган

Тоғли Бадахшонда исёнкор дала қўмондонлари ва ҳукумат расмийлари ўртасида танаффуслар билан музокаралар давом этмоқда.

Тожикистон ҳукумати "жиноий гуруҳлар"дан қурол-аслаҳалар билан бирга таслим бўлишни ва хавфсизлик генералини ўлдиришда гумон қилинган шахсларни ҳукуматга топширишни сўраган. Маълумотларга кўра, расмийлар тақдим этган рўйхатда 17 киши бор.

Бироқ маҳаллий аҳоли бу талабни бажаришдан бош тортган. Гумонланган кишилар масаласини ўзлари ҳал қилишларини айтишган.

Маҳаллий аҳолига кўра, ҳукумат қўшинлари чиқиб кетмагунча, улар бераётган ваъдаларга ишонишмайди.

Америка элчихонаси вилоятда зўравонликлар ва инсонлар ўлдирилганлигидан хавотирини изҳор этган.

Оврўпо Иттифоқи Тожикистон ҳукуматига мурожаат билан чиққан.

Унда алоқа воситалари ишини тиклаш , Помирга гуманитар ёрдамлар учун йўлак очиш ва тинч аҳолини жанг майдонидан олиб чиқилишини таъминлашга, Помирдаги воқеалар минтақадаги барқарорликка таъсир қилмаслиги учун зарур чоралар кўришга чақирган.

Тожикистоннинг бир гуруҳ фуқаролари БМТдан Тоғли Бадахшондаги сиёсий можарони тезроқ ҳал қилинишига кўмак беришни сўрашган.

Россиянинг Интерфакс агентлиги номаълум кишилар Бадахшондаги Рушан туманида ОМОНчиларга ҳужум қилишганидан хабар берган.

Россия Ташқи Ишлар вазирлиги фуқароларини хавфсизлик нуқтаи назаридан Помирга саёҳат қилмай туришни сўраган.

Тоғли Бадахшонда бўлган ҳорижий сайёҳлар Душанбега кўчирилган.

"Агар бу можаро кенг миқёсда кучайиб кетса, бу нафақат ҳокимият ва жиноий гуруҳлар ўртасида, балки ҳукумат ва Бадахшон аҳолиси билан қарама-қаршиликка айланиб кетиш хавфи бор.Унда халқ билан урушишга тўғри келади. Тожик ҳукумати бунга тайёр эмас. Бундан учинчи кучлар фойдаланиб қолиши мумкин",- деб айтади тожик политологи Парвиз Муллажонов.

Аҳоли Хоруғга янгитдан қўшин киритилиши ҳақидаги хабарлардан кейин ваҳимага тушган.

Гувоҳлар Душанбедан Хоруғга томон танклар, юк машиналари ва ҳарбийлар колоннаси бораётганини кўрганларини айтишган.

Биз Би-би-сининг Душанбедаги идорасидан вазият ҳақида сўрадик. Мухбирларимизга кўра, бутун мамлакатга хавотир тарқалган.

Тоғли Бадахшон пойтахти Хоруғдан юзлаб одамлар хавфсиз жойлар қидириб қочиб чиқмоқда.

Болаларини бошқа туманларга жўнатишмоқда.

Шу билан бирга, ҳалок бўлганларни тезликда дафн этилмаётганлиги сабабли юқумли касалликлар тарқалиши ҳақидаги ваҳималар ҳам пайдо бўлган.

Кузатувчиларга кўра, Помирдаги ҳарбий амалиётлар вазиятни фақат мураккаблаштиради, айрим бузғунчи гуруҳларни рағбатлантириши мумкин. Яқинлари ўлдирилган тинч аҳоли ҳам қўлига қурол олиши ҳақида хавотирлар бор.

Рушан ва Хоруғ шаҳарларида кеча кечқурун қисқа муддат телефон алоқаси уланган. Лекин бугун эрталаб яна узиб қўйилган. Бир-бирига қарама-қарши хабарларни алоқа воситалари ишламаслиги боис тасдиқлашнинг иложиси йўқ.

Интернет тармоғи уланмаган, Хоруғдаги воқеалар акс этган лавҳалар тарқалмаслиги учун бутун мамлакат бўйича YouTube сайтига тўсиқ қўйилгани айтилмоқда.

Бугун Лондондаги Тожикистон элчихонаси олдида Тоғли Бадахшондаги воқеаларга нисбатан норозилик намойиши бўлиб ўтиши хабар қилинган.

Бу мавзуда батафсилроқ