'Олма-Ота шаҳридаги амалиёт натижасида қуролланган жиноий гуруҳ йўқ қилинган'

Қозоғистоннинг Олма-Ота шаҳри чеккасидаги янги турар жой мавзеларидан бирида қуролланган гуруҳ аъзоларига қарши амалиёт ўтказилган.

Ушбу гуруҳ қандай гуруҳ эканлиги ҳақида ҳозирда расмийлар батафсил маълумот бермаганлар, лекин баъзи хабар агентликлари Қозоғистон ҳуқуқ- тартибот органларидаги манбаларга таяниб, диний экстремистик талқиндаги гуруҳ эканлигини хабар бермоқдалар.

Ушбу мавзе Олма- Ота чеккасида яқинда қурилган, кўп қаватли турур жой биноларидан иборат ер эканлиги айтилган.

Ҳодиса ерида бўлиб қайтган Би-би-си мухбирига кўра, ўтган шанба, 28 июл куни полиция патрули уч номаълум шахсни тўхтатиб ҳужжатларини текширишга уринган вақти улар ўқ очишган.

Натижада бир полиция ходими ҳалок бўлган, яна бири оғир жароҳатлар билан касалхонага ётқизилган.

30 июл куни эрта билан ушбу қуролланган шасхларни тутиш мақсадида амалиёт ўтказилган. Мухбиримизга кўра, амалиёт бошланишидан аввал кўп қаватли бинода яшовчи аҳоли эвакуация қилинган.

Гувоҳлар амалиёт мобайнида кучли отишма ва портлашлар садоси эшитилгани ҳақида айтганлар.

Амалиёт ерида бўлган полициячиларнинг айтишларича, қуролли гуруҳга аъзо бўлган 6 киши ҳалок этилган.

Охирги ойларда Қозоғистонда полиция ходимларига қарши қатор ҳужумлар содир этилиб, гумон қилинган исломий жангариларга қарши бир неча амалиётлар амалга оширилган.

Бу мавзуда батафсилроқ